Техник жиҳатдан тартибга солиш тизими такомиллаштирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилиш аввалида фракция раҳбари Абдушукур Ҳамзаев Президентимиз Шавкат Мирзиёев гидроэнергетика соҳасини ривожлантиришга бағишланган тақдимот билан танишиб, режаларнинг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан аниқ топшириқлар бергани, бу ишларнинг ҳам иқтисодий, ҳам экологик фойдалари тўғрисида сўз юритди.
– Ўзбекистонда 150 минг километрдан ортиқ дарё, сой ва каналлар мавжуд бўлиб, улар ичимлик суви ва суғоришдан ташқари, энергетика, иқтисодиёт ҳамда экология учун ҳам стратегик аҳамият касб этади. Шу боис, мазкур йўналишни кенгайтириш энергия тизими барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади, – деди А.Ҳамзаев.
Шундан сўнг техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан техник жиҳатдан тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, соҳадаги ортиқча маъмурий тартиб-таомиллар ҳамда эскирган тартибга солиш механизмларини бартараф этиш, уларни халқаро стандартлар талаблари билан уйғунлаштириш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, “Метрология тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги ҳамда “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, миллий сифат инфратузилмасини илғор хорижий тажриба асосида комплекс ривожлантириш кўзда тутилмоқда.
Муҳокамаларда фракция аъзолари қонун лойиҳасининг қабул қилиниши техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
М.Комилова, ЎзА