Депутат аҳоли муаммоларини ўрганди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Жонибекова Гулистон шаҳридаги “Улуғобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бўлиб, ҳудуд аҳолисининг муаммолари, бандлик ҳолати ҳамда томорқалардан самарали фойдаланиш масалаларини ўрганди.
Ташриф давомида депутат “маҳалла еттилиги” фаолияти билан яқиндан танишиб, аҳоли мурожаатларини ҳал этиш, бандликни таъминлаш ва томорқа маданиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини таҳлил қилди. Мулоқот жараёнида мавжуд имкониятлар ва йўл қўйилаётган камчиликлар юзасидан фикр алмашилди.


Шунингдек, ўрганишлар доирасида Муҳаммад Юсуф кўчасида истиқомат қилувчи тадбиркор Муҳайё Қўлдошева хонадонда бўлиб, унинг томорқадан унумли фойдаланиш тажрибаси кўздан кечирилди. Муҳайё опа 11 сотих ер майдонидан самарали фойдаланиб, 5 сотихида помидор, 6 сотихида эса бодринг етиштирмоқда. Унинг бу фаолияти оила даромадини ошириш билан бирга, ички бозорни сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.


Депутат бундай ташаббускор хонадонлар тажрибаси бошқа аҳоли учун ҳам намуна бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Учрашув якунида “маҳалла еттилиги” билан биргаликда ҳудудда томорқадан даромад олишни тизимли йўлга қўйиш, аҳоли бандлигини ошириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда Улуғобод маҳалласининг инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири