Термизда алломалар мероси ва замонавий тадқиқотларга бағишланган халқаро анжуман иш бошлади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилоятида “Термиз ҳадис мактаби: алломалар мероси ва замонавий тадқиқотлар” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтмоқда.
Мазкур анжуман Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлаш, ислом цивилизациясининг бой илмий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ва уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга қаратилган ташаббусларнинг амалий ифодаси сифатида “I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” доирасида ташкил этилди.
Анжуманда Иордания, Буюк Британия, Ҳиндистон, Жазоир, Италия, Миср, Туркия ҳамда Марказий Осиё давлатларидан ташриф буюрган 25 нафарга яқин таниқли олимлар, мусулмон мамлакатлари муфтийлари, давлат ва жамоат арбоблари иштирок этмоқда.
Конференциянинг ялпи мажлиси Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб ўтди. Унда қадимги Термизда шаклланган ҳадисшунослик мактабининг илмий анъаналари, Имом Термизий ва воҳадан етишиб чиққан бошқа алломаларнинг ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси, уларнинг бой меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
[gallery-30335]
Мутахассислар ҳадисшунослик соҳасидаги замонавий тадқиқотлар, қўлёзма манбаларни илмий ўрганиш, рақамлаштириш, илмий муомалага киритиш, шунингдек, исломнинг инсонпарварлик ва маърифатпарварлик ғояларини кенг тарғиб этишга оид маърузалар билан иштирок этди.
Конференция доирасида иштирокчилар Ҳаким Термизий мажмуасини зиёрат қилиб, мажмуа ҳудудида дарахт экиш акциясида ҳам қатнашди. Унда Миср Араб Республикаси Вақф ишлари вазири Усома Саййид Маҳмуд Муҳаммад Азҳарий, Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Бош муфтийси Иброҳим Ҳасанот, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Иргаш Даминов ҳамда бошқа нуфузли меҳмонлар манзарали дарахт кўчатлари экиб, атроф-муҳитни асраш ва яшил ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган ташаббусни қўллаб-қувватлади.
Куннинг иккинчи ярмида конференция иши икки шўъба йиғилишида давом этди. Биринчи йўналишда Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти, Термиз ҳадисшунослик мактабининг шаклланиши ҳамда ҳадис илмлари ривожига қўшган ҳиссаси муҳокама қилинди. Иккинчи шўъбада эса термизлик алломаларнинг қўлёзма ва босма асарлари, уларнинг манбашунослик хусусиятлари, тадқиқот услублари ва бу меросни замонавий илм-фанга татбиқ этиш масалалари юзасидан илмий маърузалар тингланди.
Халқаро конференция ислом илмий меросини янада чуқур ўрганиш, Термиз алломаларининг бой маънавий меросини жаҳон ҳамжамиятига кенг танитиш ва халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА