Ўзбекистонга оид китоблар Корея Миллий Ассамблеяси кутубхонасидан ўрин олди
Ўзбекистоннинг тарихи, миллий давлатчилиги, маданий мероси ва замонавий тараққиётини акс эттирувчи китоблар Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси кутубхонаси фондига киритилди. Нашрлар жамланмаси “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан ушбу мамлакатга хизмат сафари доирасида тақдим этилди.
Жамланмадан Президент Шавкат Мирзиёевнинг асарлари, мамлакатимизнинг кўп асрлик тарихи ва маданий меросига бағишланган илмий-маърифий адабиётлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти ҳамда ривожланиш йўналишларини ёритувчи нашрлар ўрин олган.

– Китобларнинг Корея Миллий Ассамблеяси кутубхонасидаги Марказий Осиё павильонидан ўрин олиши биз учун муҳим аҳамиятга эга. Энди кореялик тадқиқотчилар, талабалар, олимлар ва китобхонлар ушбу нашрлар орқали Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти ва бугунги тараққиёти ҳақида кенгроқ маълумот олишлари мумкин.
Бу ташаббус натижасида мамлакатимизнинг бой тарихий ва маданий меросини халқаро миқёсда тарғиб этиш, шунингдек, икки давлат ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни янада ривожлантиришга ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз, – деди “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ахборот хизмати бош мутахассиси Ҳулкар Жўраева.

Айни пайтда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ делегациясининг Корея Республикасига ташрифи давомида гидроэнергетика соҳасидаги илғор тажрибани ўрганиш, ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш ва соҳавий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича ҳам учрашувлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон ҳақидаги китобларнинг Корея Миллий Ассамблеяси кутубхонаси фондига тақдим этилиши эса ушбу ташриф доирасидаги маданий-маърифий йўналишдаги муҳим ташаббуслардан биридир.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА