Шукроналик ва маърифат байрами
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган "Мустақиллик тўйи" фестивали доирасида Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида аҳоли, айниқса, ёшларни миллий қадриятларга ҳурмат, ватанпарварлик ва шукроналик руҳида тарбиялашга қаратилган қатор маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.
Фестивалнинг дастлабки манзили тумандаги Шодлик маҳалласи истироҳат боғи бўлди. Бу ерда маҳалла аҳли иштирокида "Шукроналик" лойиҳаси ташкил қилиниб, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, осуда ҳаёт, халқимиз фаровонлиги ва мустақилликнинг бебаҳо неъматлари ҳақида самимий суҳбатлар ўтказилди.

Тарғиботчилар мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, инсон қадрини улуғлаш, маҳаллалар ободлиги, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича фикр юритдилар. Учрашувда мустақиллик ҳар бир юртдошимиздан унинг қадрига етиш, тинчликни асраб-авайлаш ва мамлакат тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан яшашни талаб қилиши алоҳида таъкидланди.

Фестивал тадбирлари Сайхунобод тумани марказидаги "Ёшлар хиёбони"да давом этди. Бу ерда "Маърифат тарғиботчилари" иштирокида аҳоли, ёшлар ва жамоатчилик фаоллари билан очиқ мулоқот ҳамда маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.

Учрашувда фалсафа фанлари доктори, профессор, Бухоро инновациялар университети ректорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчиси Жамила Шермуҳаммедова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мунаввара Усмонова, Ўзбекистон давлат филармонияси хонандалари Мафтуна Тўраева, Исроил Саидумаров, Фахриддин Холназаров, шунингдек, Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли хонандаси Сардор Ғофуровлар иштирок этишди.

Суҳбатларда Янги Ўзбекистон тараққиёти, мустақиллик йилларида эришилган улкан ютуқлар, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, глобаллашув шароитида маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, маърифат тарғиботчилари билан эркин мулоқот қилиш имконига эга бўлдилар.

— "Мустақиллик тўйи" фестивали доирасида ўтказилаётган бу каби маънавий-маърифий тадбирлар халқимиз, айниқса, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, мустақиллигимизга шукроналик ва тинчликнинг қадрини чуқур англаш туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш устувор мақсад қилиб белгиланган. Шу боис ҳар бир ёш мустақилликнинг бебаҳо неъматига муносиб бўлиб яшаши, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан меҳнат қилиши муҳим аҳамиятга эга. Бундай учрашувлар ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан қадрлидир, — дейди Сайхунобод тумани ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Нодира Мизаева.

Тадбирнинг бадиий қисми йиғилганларга ҳақиқий байрамона кайфият улашди. Машҳур санъаткорлар ижросида Ватан, мустақиллик, тинчлик ва эзгуликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янграб, фестивал иштирокчиларига кўтаринки руҳ бағишлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири