Текширувдан олдинги таҳлиллар натижасида қарийб 1 триллион сўмлик қўшимча солиқ ҳисобланди
Мамлакатимизда солиқ тизимида рақамлаштириш жараёнларининг кенгайиши назоратнинг янги ва самарали усулларини жорий этиш имконини бермоқда. Хусусан, текширувдан олдинги таҳлиллар орқали корхоналар фаолиятидаги эҳтимолий хатолар ва тафовутлар аниқланиб, уларни солиқ текширувисиз бартараф этиш учун шароит яратилмоқда.
Бу эса бир томондан тадбиркорлик субъектлари учун қулайлик яратса, иккинчи томондан давлат бюджети даромадларининг тўлиқ шаклланишига хизмат қилмоқда. 2026 йилнинг дастлабки беш ойи натижалари мазкур механизм ўз самарасини бераётганини яна бир бор тасдиқлади.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йилнинг январь–май ойларида амалга оширилган текширувдан олдинги таҳлиллар солиқ маъмуриятчилигида рақамлаштиришнинг самарали натижаларини намоён этди. Ушбу давр мобайнида 45 минг 522 та корхона ўз фаолиятидаги ҳисоб-китоблар ва солиқ ҳисоботларини қайта кўриб чиқиб, аниқланган тафовутлар бўйича қўшимча ҳисоботлар тақдим этди.
Натижада давлат бюджетига 959,5 миллиард сўм қўшимча солиқ маблағлари ҳисобланди. Бу рақам солиқ органлари томонидан амалга оширилаётган профилактик чора-тадбирлар ҳамда рақамли таҳлил механизмларининг самарадорлигини яққол намоён этади.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, энг катта тафовутлар иқтисодиётнинг аҳоли билан бевосита ишловчи тармоқларида аниқланган. Хусусан, умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 412,3 миллиард сўмлик тафовут қайд этилган бўлиб, бу умумий кўрсаткичнинг салмоқли қисмини ташкил этади. Шунингдек, ишлаб чиқариш соҳасида 267,8 миллиард сўм, қурилиш тармоғида 167,5 миллиард сўм, транспорт соҳасида 62,9 миллиард сўм ва қишлоқ хўжалигида 36,8 миллиард сўмлик қўшимча солиқ ҳисоб-китоблари аниқланган.
Қайд этилишича, текширувдан олдинги таҳлил тизими тадбиркорларга солиқ органлари томонидан текширув ўтказилишини кутмасдан, ўз ҳисоботларидаги хатолар ва камчиликларни мустақил равишда бартараф этиш имконини беради. Бу эса ортиқча текширувлар сонини қисқартириш, тадбиркорлик муҳитига ижобий таъсир кўрсатиш ва солиқ тўловчиларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, рақамлаштириш асосида ишлайдиган замонавий солиқ назорати механизмлари давлат бюджети даромадларини ошириш билан бир қаторда, иқтисодиётда шаффофликни таъминлаш ва солиқ интизомини мустаҳкамлашда ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Бундай ёндашув келгусида солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, текширувдан олдинги таҳлиллар жазолаш воситаси эмас, балки солиқ тўловчиларни қонунчилик талабларига мувофиқ ишлашга ундайдиган самарали профилактик механизм сифатида ўзини оқламоқда. Бу эса давлат ва бизнес ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА