Когонлик ғаллакорлар юксак маррани забт этишди
Бухоро вилоятининг Когон туманида жорий йилги ғалла ўрим-йиғим мавсуми деҳқонлар учун қувончли натижалар билан давом этмоқда. Ғаллакорлар давлатга дон сотиш бўйича шартнома режасини ортиғи билан бажариб, юрт дастурхони тўкинлигига муносиб ҳисса қўшдилар. Бу муваффақият йил давомида даладан узилмай меҳнат қилган фермерлар, механизаторлар ва соҳа мутахассисларининг фидокорона саъй-ҳаракатлари самарасидир.
Жорий йилда туманда ғаллачиликка ихтисослашган 230 та фермер хўжалиги томонидан 4 минг 511 гектар майдонга буғдойнинг серҳосил ва юқори сифатли “Гром”, “Алексеевич”, “Васса”, “Қадр” ҳамда “Гурд” навлари экилиб, агротехник тадбирлар белгиланган муддатларда ва сифатли амалга оширилди. Ерга меҳр ва илм билан ёндашиш, замонавий агротехнологияларни қўллаш натижасида ҳар бир гектар майдондан юқори ҳосил олишга эришилди.
Ҳосилни нес-нобуд қилмасдан, қисқа муддатларда йиғиб олиш мақсадида туманда 21 та махсус ўрим отряди шакллантирилди. Ҳар бир отряд замонавий, юқори унумли комбайнлар билан таъминланиб, уларнинг самарали фаолияти учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Далаларнинг ўзида сервис хизматлари ташкил этилди, ёқилғи-мойлаш материаллари етказиб бериш тизими йўлга қўйилди. Натижада ҳар куни ўртача минг тоннадан зиёд ғалла ўриб-йиғиб олиниб, қабул масканларига етказилмоқда.

Бу рақамлар ортида юзлаб инсонларнинг машаққатли меҳнати, масъулият ва интизоми мужассам. Айниқса, комбайн операторлари ва ўрим отрядлари раҳбарлари намунали меҳнати билан ажралиб турибди. Улар ўз тажрибаси, ишбилармонлиги ва жонбозлиги билан бошқаларга ўрнак бўлмоқда.
Қувонарлиси, жорий мавсумда ҳар гектардан олинаётган ҳосилдорлик 75–80 центнерга етмоқда. Бугунги кунга қадар омборларга қарийб 15 минг тонна сара дон қабул қилинган бўлиб, унинг 160 тоннага яқини келгуси йил ҳосили учун уруғлик сифатида захирага олинди.
Бу кўрсаткичлар қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, моддий-техник базанинг мустаҳкамланаётгани, мелиорация ишларининг яхшиланиши ва энг муҳими, ер эгаларининг заминга бўлган муносабати тубдан ўзгарганининг яққол ифодасидир.

Когон туманидаги қатор илғор фермер хўжаликлари бугунги меҳнат зафарининг асосий қаҳрамонлари ҳисобланади. Жумладан, “Фидойи-98”, “Ризқ-рўз”, “Усмонобод”, “Элёр”, “Тўхтабобо-98”, “Ёрқулов Улуғбек”, “Ойнасоз-98”, “Нарзиева Хадича” ва “Класс Бухоро” фермер хўжаликлари ҳосилдорлик бўйича юқори натижаларга эришиб, умумий хирмон салмоғининг сезиларли қисмини таъминламоқда. Мазкур хўжаликларда меҳнат қилувчи деҳқонлар ва мутахассисларнинг билим ва тажрибаси, ердан оқилона фойдаланиш маданияти ҳамда меҳнатсеварлиги бугунги ютуқларнинг мустаҳкам пойдевори бўлди.

Айни пайтда давлатга дон топшириш режаси бажарилган бўлса-да, далада ишлар қизғин давом этмоқда. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, жорий мавсум якунида Когон тумани ялпи ғалла хирмони 40 минг тоннадан ошиб кетиши кутилмоқда. Бу эса нафақат туман, балки вилоят иқтисодиёти учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, халқимиз дастурхонини сифатли ва арзон нон маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.
Дарҳақиқат, деҳқоннинг бир йиллик меҳнати ҳосил пайтида ўз баҳосини топади. Когонлик ғаллакорларнинг бугунги ютуғи ҳам ерга меҳр, меҳнатга садоқат ва эл-юрт фаровонлиги йўлидаги фидойиликнинг амалий натижасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири