Тайвань яқинига қирувчи дронлар жойлаштирилди
Хитой Тайвань бўғози яқинидаги авиация базаларига эски қирувчи самолётлардан қайта ишланган дронларни жойлаштирди. Маълумотга кўра, ўзи учар қурилмалар сони 200 дан ортган.
Ўтган аср 60-йилларида ишлаб чиқарилган J-6 самолётларидан ясалган бу дронлар зарба бериш учун қайта мослаштирилган.
Мутахассислар фикрича, бундай учоқлар эҳтимолий тўқнашувнинг илк босқичида оммавий равишда ишга туширилади, ҳаво мудофааси тизимини заифлаштириш мақсадини кўзлайди.
Тайвань томони мазкур амалиётни оролга нисбатан жиддий таҳдид сифатида баҳолаб, янги авлодга мансуб дронга қарши тизимни тезкор жорий этиш режаси тузилаётганини маълум қилди.
Таҳлилчилар замонавий урушда арзон ва кўп сонли дронлар қиммат ҳаво муҳофазаси тизимига қарши самарали воситага айланганига урғу бермоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА