Ташқи савдода янги давр: кичик бизнес учун тўсиқлар қандай олиб ташланди?
Фармон ва ижро
Ташқи бозорда товар сотиш ёки хориждан хомашё ва маҳсулот олиб келишда тадбиркор учун энг муҳим омил жараённинг тез ҳамда қулайлигидир. Айниқса, кичик ва ўрта бизнес вакиллари учун бир марталик, нисбатан кичик ҳажмдаги савдо операцияларида ортиқча ҳужжатбозлик ва тўлов тизимидаги чекловлар асосий тўсиққа айланиши мумкин.
Мисол учун, кичик тикувчилик корхонасига хориждан 20 минг долларлик эҳтиёт қисмлар зарур бўлди. Чет эллик ҳамкор эса товарни фақат олдиндан тўлов асосида жўнатишга тайёр. Илгари бундай вазиятда тадбиркор инвойс орқали маҳсулотни импорт қилгунга қадар пул ўтказа олмас ва натижада ҳар икки томон ҳам келишувдан воз кечишга мажбур бўларди.
Жорий йилнинг 1 сентябридан ташқи савдода кучга кирган янги тартиб ана шундай тўсиқларга чек қўйди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 27 августдаги тегишли фармонига асосан, ташқи савдо шартномасисиз, инвойс асосидаги импорт амалиётларида хорижий ҳамкорга олдиндан тўлов ўтказиш чеклови бекор қилинди. Экспорт соҳасида эса товар қийматининг 50 фоизини олдиндан ундириш мажбурий талаби олиб ташланди.
Имкониятнинг туб моҳиятига етиб бориш учун инвойснинг ташқи савдодаги ўрнига эътибор бериш керак. Ташқи савдо шартномасини тузиш, унинг шартларини келишиш ва юридик жиҳатдан экспертизадан ўтказиш маълум вақт ва харажат талаб қилади. Инвойс эса бир марталик партия учун тузиладиган, асосий маълумотни қамраб олувчи содда ҳужжат ҳисобланади. Ҳар икки ҳужжат ҳам “E-kontrakt” ташқи савдо ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилади.
Кичик бизнес учун бу фарқ сезиларли. Чунки йирик корхона учун катта ҳажмдаги ташқи савдо шартномасини тайёрлаш одатий жараён бўлиши мумкин. Аммо кичик тадбиркор учун бир партия эҳтиёт қисм ёки хомашёни олиб келишда ҳар бир қўшимча босқич вақт ва харажатни англатади.
Энг муҳими, янги тартиб импортда хорижий ҳамкор билан тўлов масаласини соддалаштирди. Энди тадбиркор товар, иш ёки хизмат ҳали Ўзбекистонга келмасидан олдин ҳам инвойс асосида тўловни амалга ошириши мумкин.
Юқоридаги 20 минг долларлик эҳтиёт қисм мисолида бунинг аҳамияти яққол кўринади. Хорижий сотувчи аввал пулни олиб, кейин товарни жўнатиши мумкин. Тадбиркор эса инвойс асосида тўловни олдиндан амалга оширади. Илгариги тартибда бир-бирига мос келмаган икки шарт энди бир жараёнда уйғунлашади.
– Ташқи савдо шартномасини тузиш, унинг шартларини келишиш ва юридик жиҳатдан экспертизадан ўтказиш вақт ҳамда харажат талаб қилади, – деди Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ғайрат Носиров. – Инвойс эса бир марталик партиялар учун тузиладиган ва минимал маълумотларни қамраб олувчи ҳужжат. Янги тартиб, айниқса, кичик ва ўрта бизнесга кичик суммали товарларни шартнома тузмасдан, инвойс асосида тезроқ олиб келиш имконини бермоқда.
Экспортдаги ўзгариш эса тадбиркорнинг хорижий харидор билан қандай шартларда ишлашига таъсир қилади. Масалан, чегара ҳудудида фаолият юритаётган мебель ишлаб чиқарувчи тадбиркор қўшни давлатга 200 миллион сўмлик маҳсулот сотмоқчи. Илгари у инвойс асосида экспорт қилиши учун камида 100 миллион сўмлик тушумни олдиндан таъминлаши керак эди. Аммо хорижий харидор товарни олмасдан туриб унинг ярим қийматини тўлашни истамаса, битимни амалга ошириш қийинлашарди.
Энди эса бундай мажбурий талаб йўқ. Тадбиркор хорижий харидор билан ҳисоб-китоб шартларини бозор талабидан келиб чиқиб келишиши мумкин.
Бу ташқи бозордаги рақобат нуқтаи назаридан ҳам муҳим. Чунки хорижий компаниялар харидорларга бўлиб тўлаш ёки товар етказиб берилганидан кейин ҳисоб-китоб қилиш имконини таклиф этаётган бир шароитда, экспортчининг ҳам мослашувчан шартларни таклиф қила олиши унинг бозорга чиқиш имкониятини кенгайтиради.
Янги тартибнинг дастлабки натижалари ҳам кўрина бошлади. Тижорат банклари томонидан жорий йилнинг 1–15 сентябрь кунлари ташқи савдо шартномасини тузмасдан, инвойс асосида импорт қилишда хорижий ҳамкорларга 63 минг АҚШ доллари эквивалентида олдиндан тўлов ўтказилди. Экспорт бўйича эса шу даврда ташқи савдо шартномасини тузмасдан, инвойс асосида экспорт қилиш ҳолатлари ҳали кузатилмади.
Ташқи савдодаги глобал ўзгаришлар кўпинча айнан мана шундай кичик, аммо муҳим енгилликлардан бошланади. Кичик партияларда маҳсулот импорт қилаётган ёки халқаро бозорга илк қадамларини қўяётган тадбиркор учун ҳужжат айланишининг соддалаштирилиши, тўлов шартларининг эркинлаштирилиши ва хорижий ҳамкор талабларига мослашиш имконияти фаолият бошлашдаги энг асосий тўсиқларни олиб ташлайди.
Янги тартибнинг туб аҳамияти ҳам аслида мана шунда намоён бўлади. Эндиликда ташқи иқтисодий фаолиятда нафақат йирик шартномалар, балки кичик ва бир марталик операциялар учун ҳам қулай ва жозибадор бизнес муҳити яратилмоқда.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА