Испания делегацияси Сурхондарёда
Тошкент шаҳрида ўтказилган “Испания – Марказий Осиё – Озарбайжон” форматида қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашуви ва бизнес форумида иштирок этган Испания Қироллиги делегацияси Сурхондарё вилоятида бўлиб, иссиқхоначилик ва агробизнес соҳаларидаги илғор тажрибалар билан танишди. Ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Делегация аъзолари дастлаб Термиз туманидаги “Томорқа мактаби”да бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар ва етиштирилаётган маҳсулотларни кўздан кечирди.
Инновацион томорқа мактабида анъанавий деҳқончилик усуллари билан бирга воҳанинг иқлим шароитига мослаштирилган интенсив етиштириш технологиялари ҳам амалиётга жорий этилган. Бу ерда банан, папайя, лимон, розмарин, лаванда, анжир, брокколи, булғор қалампири каби иссиқсевар ва тропик экинлар парваришланмоқда. Кўчатчилик, гулчилик, томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилган.

Барча замонавий шароитларга эга ўқув биноси, уч гектар иссиқхона ва уч гектар ўқув-тажриба майдонига эга инновацион мактабда бир йилда уч марта ҳосил олиш амалиёти ўқитилмоқда. Ўқув жараёнига олимлар, мутахассислар, тажрибали деҳқонлар жалб этилаётир.
Меҳмонларга бу ерда экинларни парваришлаш, тупроқ таркибини яхшилаш, суғориш ва озиқлантириш жараёнлари, касаллик ҳамда зараркунандаларга қарши курашиш усуллари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Етиштирилган маҳсулотларнинг ички ва халқаро бозордаги талаб ва таклиф даражаси, уларни сақлаш, саралаш, қадоқлаш, ички ва ташқи бозорларга етказиб бериш имкониятлари муҳокама этилди.

Меҳмонлар Термиз туманидаги “Lamoc Agro” масъулияти чекланган жамиятининг иссиқхонасида парваришланаётган қишлоқ хўжалиги экинлари билан танишди. 100 гектар майдонда етиштирилаётган помидор, бодринг, шпинат, рукола ва бошқа сабзавот ҳамда доривор ўсимликлар делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Улар ишлаб чиқариш жараёнлари, экинларни парваришлаш технологиялари ва ҳосилдорликни оширишга қаратилган агротехник тадбирларни ўрганди. Бозорда талаб юқори бўлган кўкатлар ва доривор ўсимликларни етиштириш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари турини кўпайтириш, юқори қўшилган қиймат яратиш, экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Шеробод туманида бунёд этилаётган “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонасида меҳмонларга ҳудудда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси, ташкил этилиши режалаштирилган замонавий иссиқхона мажмуалари ҳақида маълумот берилди.

Янги иқтисодий зонада 940 гектар майдонда замонавий, энергия тежамкор иссиқхона мажмуаси ва 20 гектар ерда йирик агрологистика маркази бунёд этилмоқда. Туманда амалга оширилаётган бу лойиҳа мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш учун 2026-2027 йилларда иссиқхона хўжаликларини кенгайтириб, натижадорлигини оширишга хизмат қилади.
Испаниялик ишбилармонлар ва мутахассислар билан мулоқотларда иссиқхона хўжаликларини ташкил этишда хорижнинг илғор тажрибасидан фойдаланиш, энергия ва сув ресурсларини тежаш, иқлимни автоматик бошқариш, томчилатиб суғориш, маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлаш каби масалаларга эътибор қаратилди. Чет эллик инвесторлар учун мавжуд имкониятлар, инвестиция киритиш шартлари, лойиҳаларни амалга ошириш механизмлари ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишлари юзасидан маълумот берилди.

Делегация аъзолари “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасидаги савдо ва логистика инфратузилмаси, тадбиркорлик субъектлари учун яратилган қулайликлар, маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқиш ва савдо алоқаларини кенгайтириш имкониятлари билан танишди.

–Сурхондарё бизда бой таассурот қолдирди, –дейди “Armando Alvarez Group” компаниялар гуруҳи вакили Ольга Петрова. – Меҳмондўстлик билан кутиб олишди. Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган аграр мактаб билан танишиб, бу ерда етиштирилаётган янги навларни, илгари ҳеч қачон кўрмаган кичик навли папайя мевасини ҳам кўрдик. Иссиқхона хўжаликлари билан ҳам танишдик. Сабзавотларингиз жуда мазали, Айниқса помидор ва бодрингларингиз жуда сифатли экан.Биз Испаниядан келган 18 та компания вакиллари таркибидамиз. Компаниямиз энг замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилган 5-7 қатламли иссиқхона плёнкаларини таклиф этади. Ўйлайманки, бу маҳсулотлар сизлар учун жуда фойдали бўлади. Ўзбекистон жадал ривожланаётганига гувоҳ бўлдик. Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳаси тез юксалмоқда. Компаниямиз фаолиятининг асосий йўналишларидан бири – иссиқхоналар учун махсус плёнкалар ишлаб чиқариш бўлиб, бу соҳада энг замонавий технологияларга эга дунёдаги энг йирик компаниялардан биримиз. Бу технологияларни Ўзбекистондаги ҳамкорларимизга таклиф этишга тайёрмиз. Келгусида сизлар билан ҳамкорлик қилишдан жуда мамнунмиз. Мезбонларга ажойиб меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Йилнинг тўрт фаслида ҳам турли озиқ-овқат экинларини парваришлаш учун мўътадил иқлим ва унумдор тупроққа эга Сурхон воҳасига хорижлик сармоядор ва соҳа мутахассислари катта қизиқиш билдираётгани ҳудуднинг аграр ва инвестициявий салоҳиятини халқаро ҳамкорларга кўрсатиб, илғор тажрибаларини ўрганиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга хизмат қилади.

Меҳмонлар вилоятнинг тарихий обидалари билан ҳам танишди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири