“Ташаббусли бюджет”да ғолиб бўлолмаган лойиҳалар депутатлар томонидан ўрганилмоқда
“Ташаббусли бюджет” лойиҳасига оид янги тартибларга кўра, илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округидаги ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан энг долзарб деб билган лойиҳани танлаб, унинг молиялаштирилишида ташаббускор бўлади.
Шу кунларда Қонунчилик палатаси депутатлари жойлардаги ўрганишлари давомида айни масалаларга алоҳида эътибор билан ёндашмоқда. Жумладан, депутат Дилноза Азизова Норин туманидаги Абу Али ибн Сино номидаги техникум лойиҳасини танлади.

Мазкур муассаса биноси қурилганига 25 йил бўлган экан. Айни пайтда бино анча таъмирталаб ҳолатда. Лойиҳа “Ташаббусли бюджет”да яхшигина овоз тўплаган, аммо ғолиблар қаторига киролмаган.
***
Депутатлар Моҳира Хўжаева, Жасур Жумаев ҳамда Чирчиқ шаҳри депутатлари иштирокида Чирчиқ шаҳар ҳокимиятида “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг навбатдаги муҳокама йиғилиши ўтказилди. Йиғилиш жараёнида овоз йиғиш босқичида етарли натижа кўрсата олмаган, бироқ аҳолининг кундалик ҳаётига бевосита таъсир кўрсатадиган энг зарур ташаббуслар алоҳида қайта кўриб чиқилди.

Жумладан, “Мир Алишер” ҳамда “Мирза Ғолиб” МФЙ ларда янги маҳалла биноси, Аҳмад Яссавий кўчасида янги ариқ ётқизиш зарурати, Чирчиқ шаҳри Аранча ҳудудидаги кутубхонани таъмирлаш ҳамда уни ёшлар ва аҳоли учун маданий-маърифий масканга айлантириш ташаббуси каби масалалар обдон ўрганилмоқда.
***
Депутат Нигора Лутфуллаева Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги “Боболончи” маҳалласида 7 минг аҳолини 20 йилдан бери қийнаб келаётган сув муаммосини ҳал қилишга киришди. Икки марта “Очиқ бюджет”да ғолиб бўлолмаган 1 миллиард 600 миллион сўмлик насос станциясини янгилаш лойиҳаси депутат томонидан танланди.

Халқ вакиллари “Ташаббусли бюджет” доирасидаги долзарб масалалар юзасидан адолатли қарор қабул қилиши жойлардаги турли масала ва муаммоларни ижобий ҳал қилиш ва аҳоли учун қулайликлар яратилишида муҳим аҳамият касб этади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА