Таълим, тарбия ва ёшлар масалалари атрофлича ўрганилди
Сирдарё вилоятида ёшлар сиёсати, таълим сифати ва ҳуқуқий тарбия самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Ана шу йўналишда Гулистон давлат университетида ташкил этилган учрашув мазмун-моҳияти ва амалий аҳамияти билан алоҳида эътиборга сазовор бўлди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги қарорлари — “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари” ва “Ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш чора-тадбирлари” ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Ўктам Саломов иштирок этди.

Ташриф давомида меҳмонлар университетнинг фаол талабаларидан ташкил топган “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи билан мулоқот қилди. Суҳбатда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ички тартибни мустаҳкамлаш ва талабаларнинг ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Баҳриддин Валиев гуруҳ фаолиятини тизимли ташкил этиш, профилактика ишларини манзилли йўлга қўйиш ва талабалар билан индивидуал ишлашни кучайтириш бўйича тавсиялар берди.
Меҳмонлар университетнинг замонавий Ахборот-ресурс маркази билан танишишди. Унда яратилган қулай ва инновацион ўқув муҳити, электрон ва босма адабиётлар фонди, мустақил таълим имкониятлари таълим сифати ва талабаларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишда муҳим омил сифатида баҳоланди. Рақамли технологияларнинг таълим жараёнига чуқур интеграция қилингани алоҳида қайд этилди.
Учрашувлар давомида университетнинг ижодкор ёшлари — “Мушоира” клуби аъзолари ва уюшмаган ёшлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилди. Ёшлар томонидан тақдим этилган шеърлар, адабий лойиҳалар ва ижодий ташаббуслар катта қизиқиш билан тингланиб, уларни қўллаб-қувватлаш ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Ташрифнинг кейинги манзили университетнинг спорт инфратузилмаси бўлди. Марказий ўйингоҳ ва замонавий спорт мажмуаларида фаолият юритаётган спортчи талабалар, жумладан жаҳон ва Осиё чемпионлари билан учрашув ташкил этилди. Суҳбатда уларнинг ютуқлари, тайёргарлик жараёнлари ва халқаро мусобақаларда иштирок этиш истиқболлари муҳокама қилинди. Меҳмонлар спорт инфратузилмасини такомиллаштириш, мураббийлар билан ишлашни кучайтириш ва иқтидорли ёшларни саралаш бўйича таклифлар беришди.
Шунингдек, Сирдарё вилоятидаги олий таълим муассасалари — Гулистон давлат педагогика институти ва Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали фаолияти ҳақида тақдимотлар ўтказилди. Унда таълим сифати, моддий-техник база, илмий-тадқиқот ишлари, инновацион лойиҳалар ва талабалар бандлиги масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Айниқса, таълим муассасалари билан ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, дуал таълим тизимини кенгайтириш ва битирувчиларнинг меҳнат бозорига мослашувини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди. Бу эса таълим ва амалиёт уйғунлиги орқали рақобатбардош кадрлар тайёрлашда катта аҳамиятга эга.
Вилоят касбий таълимни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси томонидан ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, бандлигини таъминлаш ва талаб юқори мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш ишларига эътибор қаратилди.
Ташрифнинг яна бир муҳим қисми университетдаги илмий ишланмалар, стартаплар ва инновацион лойиҳалар кўргазмаси бўлди. Унда қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида самарадорликни оширишга қаратилган амалий аҳамиятга эга ишланмалар намойиш этилди. Меҳмонлар уларни қўллаб-қувватлаш, тижоратлаштириш ва амалиётга жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифлар берди.
Тадбир давомида университет ижодий жамоалари аъзолари куй-қўшиқ, рақслар ижро этишди.
Якуний босқичда университет Маданият саройида “Пайшанба — ёшлар куни” доирасида очиқ мулоқот ташкил этилди. Талабалар таълим сифати, амалиёт имкониятлари, бандлик, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, стартап ва инновациялар бўйича фикр ва таклифларини билдиришди. Меҳмонлар ёшлар ташаббусларини диққат билан тинглашиб, уларни амалиётга жорий этиш ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича масъулларга кўрсатмалар беришди.
Тадбир якунида Президентнинг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган чора-тадбирлари ижросида фаол иштирок этаётган талабалар ва уюшмаган ёшлар муносиб рағбатлантирилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири