Тарихий ташриф: Ўзбекистон ва Сербия муносабатларида янги давр бошланди
Жаҳон харитасида минтақалараро алоқалар ва геоиқтисодий мувозанат қайта шаклланаётган бир даврда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сербия Республикасига амалга оширган олий даражадаги илк расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг мутлақо янги, стратегик саҳифасини очиб берди.

Хусусан, Ўзбекистон ва Сербия ўртасида стратегик шерикликнинг ўрнатилиши Марказий Осиё ҳамда Болқон минтақасини боғловчи янги геоиқтисодий кўприкка асос солди. Бу ҳамкорлик расмий Тошкент учун Европа бозорларига чиқувчи муқобил транзит йўлакларини шакллантириш, агросектор, фармацевтика ва саноатга илғор технологияларни жалб этиш ҳамда Белграддаги “EXPO – 2027” халқаро платформаси орқали миллий манфаатларни фаол илгари суришда стратегик аҳамиятга эга.
Ўз навбатида, бу яқинлашув икки минтақага ўзаро савдо ва саноат занжирларини диверсификация қилиш, тартибли меҳнат мобиллигини таъминлаш, “Ўрта йўлак” сингари муҳим транспорт артерияларини ривожлантириш ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш орқали ҳар икки томон учун барқарор иқтисодий ўсиш ва стратегик мувозанатни ҳам тақдим этади.
Жумладан, икки кунлик ташриф давомида Ўзбекистон ва Сербия президентлари Шавкат Мирзиёев ва Александр Вучич ўртасидаги юзма-юз ҳамда расмий делегациялар иштирокидаги музокаралар дўстона ва ўзаро ишонч руҳида ўтди. Музокараларнинг энг асосий ва тарихий воқеаси – Президентлар томонидан Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларациянинг имзоланиши бўлди. Бу ҳужжат икки мамлакат ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликни энг юқори даражага кўтарган пойдеворга айланади. Бундан ташқари, келгусида дипломатик ваколатхоналарнинг очилиши, Парламентлараро форумнинг ташкил этилиши ҳамда 2026-2028 йилларга мўлжалланган саноатда шерикликни ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасининг қабул қилиниши икки томонлама муносабатларга катта туртки беради.
Қолаверса, икки мамлакат етакчилари савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдевори деб баҳоладилар. Музокаралар асносида Эркин савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш, стандартлаштириш соҳасида ҳамкорлик қилиш ва ўзаро кўргазмалар ташкил этишга келишиб олинди. Қувонарлиси, 2027 йилда Белградда бўлиб ўтадиган “EXPO – 2027” халқаро кўргазмасида Ўзбекистон ўзининг миллий павильони билан фаол иштирок этади.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари ҳузурида иқтисодиёт ва инфратузилмага оид қатор салмоқли ҳужжатлар алмашилди. Улар орасида автомобиль ва темир йўл инфратузилмаси, “Ўрта йўлак”ни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ ва сув хўжалиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “яшил” технологиялар ва қайта тикланувчи энергетика ҳамда фармацевтика, биотехнологиялар, ахборот-коммуникация ва рақамлаштириш, божхона ишлари ва иқтисодий дипломатия бўйича ҳамкорлик каби битимлар мавжуд.
Шунингдек, ташриф доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Сербия бизнес-форуми икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишга хизмат қилди. Тадбирда 200 нафардан зиёд расмий ва бизнес вакиллари, жумладан, Сербиянинг “Galenika”, “AbelaPharm”, “Gosa FOM”, “YUMCO”, “Luss Textile” каби гигант компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
Шу билан бирга, икки томонлама дўстлик ва англашувнинг ёрқин ифодаси сифатида Белград кўчаларидан бирига “Тошкент” номи берилди. Бу қарор халқларимиз ўртасидаги меҳр-оқибат ришталарининг рамзига айланди. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Сербиянинг олий давлат мукофоти – Сербия Республикаси ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтгани икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар юқори даражага кўтарилганининг яна бир ёрқин эътирофи бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу тарихий ташриф шунчаки келишувлар тўплами эмас, балки Ўзбекистон ва Сербиянинг узоқ истиқболга мўлжалланган геоиқтисодий стратегиялари туташган нуқта бўлди. Икки мамлакат манфаатлари ва инфратузилмаларининг бирлашиши Марказий Осиё ҳамда Болқон минтақаларини боғловчи барқарор логистик ва саноат занжирларини шакллантиради. Бу эса янги глобал иқтисодий тартиботда ҳар икки давлатнинг транзит ва инвестициявий жозибадорлиги, шунингдек, геосиёсий барқарорлигини оширишга хизмат қилади.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат,
соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА