Белградда Ўзбекистон–Сербия қўшма бизнес форуми бўлиб ўтди
Белград шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич иштирокида Ўзбекистон–Сербия қўшма бизнес форуми бўлиб ўтди.
Унда икки мамлакатдан 200 нафардан зиёд расмий ва ишбилармон доира вакиллари, йирик саноат ва савдо корхоналари раҳбарлари иштирок этди. Хусусан, Сербиянинг “Galenika”, “AbelaPharm”, “Gosa FOM”, “YUMCO”, “Luss Textile” каби етакчи компаниялари вакиллари қатнашди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида олий даражадаги самарали музокаралар Ўзбекистон–Сербия муносабатларида янги саҳифа очганини таъкидлади. Мулоқотларнинг муҳим натижаси сифатида икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилгани қайд этилди.
Форумда ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш, маҳсулотлар турини кенгайтириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Саноат кооперациясини ривожлантириш мақсадида 2026–2028 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилингани таъкидланди.

Ўзбекистон Президенти иқтисодий шерикликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Жумладан, тўқимачилик ва электротехника маҳсулотлари, автомобиль ва саноат бутловчи қисмларини биргаликда ишлаб чиқариш, фармацевтика препаратларини маҳаллийлаштириш, мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, шунингдек, дастурий таъминот ва сунъий интеллект соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
[gallery-31320]
Давлатимиз раҳбари Сербия бизнеси учун Ўзбекистонда қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, қўшма лойиҳаларни амалга оширишда амалий кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Форум доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида янги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилиниб, қатор икки томонлама иқтисодий битимлар ва савдо шартномалари имзоланди.
Отабек МИРСОАТОВ сурат), ЎзА