Тарихий меросни авайлаш – замонавий санъат ва ижодий тафаккурни ривожлантиради (+видео)
Инсон тафаккури унинг илмга интилиши, мутолаа қилиши ва атрофидаги воқеа-ҳодисаларни англашга бўлган қизиқиши орқали бойиб боради.
Бу жараёнда музейларнинг ўрни ҳам алоҳида. Зеро, музейлар ўтмиш ва бугунни боғлайдиган, аждодлар мероси, миллий қадриятлар ва маданий бойликларни авлодларга етказадиган муҳим маънавий-маърифий масканлардир.
Айниқса, ёш авлодда Ватан тарихи, миллий қадриятлар ва аждодлар меросига ҳурмат туйғусини шакллантиришда музейларнинг аҳамияти катта. Сўнгги йилларда мамлакатимизда бу йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, янги музейлар ташкил этилмоқда, мавжудлари реконструкция қилиниб, замонавий экспозициялар билан бойитилмоқда.
Буни сўнгги даврда амалга оширилган қатор муҳим лойиҳалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 27 август куни Ўзбекистон Миллий музейи қурилишига тамал тоши қўйди. 2026 йил 9 апрелда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан реконструкция қилинган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди. Шунингдек, 4 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги янги Замонавий санъат маркази фаолияти ва бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.
Бундай маданий-маърифий масканлар нафақат тарихий меросни асраб-авайлаш, балки замонавий санъат ва ижодий тафаккурни ривожлантириш, ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
– Ҳар қандай инсон касбида юксак натижаларга эришиши, янги тадқиқот ва изланишларга қадам қўйиши учун, аввало, ўз ишига масъулият билан ёндашиши керак, – дейди Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси Жаннат Исмоилова. – Чунки масъулият инсоннинг нафақат ўз вазифасини сидқидилдан бажариши, балки жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши, ўз ўрнини топиши ва эл-юртга хизмат қилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Масъулиятнинг шаклланишида эса маънавий тарбия ва миллий қадриятларнинг ўрни муҳим. Шу маънода, аҳоли, айниқса, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларда Ватанга муҳаббат, аждодлар меросига ҳурмат ва жамият олдидаги бурч туйғусини шакллантиришда музейлар муҳим маънавий-маърифий маскан бўлиб хизмат қилади.
Дарҳақиқат, охирги ўн йилликка назар ташласак, мамлакатимизда музейлар соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганини кўриш мумкин. Янги музейларнинг ташкил этилиши, мавжудларининг реконструкция қилиниши, замонавий ва ноёб экспозициялар билан бойитилиши халқимизнинг маданий ва маънавий меросига бўлган эътиборни янада кучайтирмоқда. Бугун жаҳон талабларига мос, замонавий, шу билан бирга, миллий тарихимиз, маданиятимиз ва бой меросимизни кенг тарғиб этиш имкониятига эга музейлар юртимиз маданий ҳаётининг муҳим қисмига айланмоқда.
Таъкидлаш лозим, соҳада етук мутахассисларни тарбиялаш ва рағбатлантириш борасида ҳам ижобий ишлар қилинмоқда. Зеро, тарихини англаган, аждодлари қолдирган бой меросни қадрлаган авлод бугунги имкониятларнинг қадрига етиб, эртанги кун олдидаги масъулиятини ҳам чуқур ҳис этади.
Давоми қуйидаги видеода:
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео),
ЎзА