Иқтисодий ўсишнинг энг муҳим таянчи – инвестициявий фаоллик
Мустақилликнинг дастлабки босқичида Ўзбекистон учун асосий вазифа миллий иқтисодиётни шакллантириш ва унинг барқарор ишлашини таъминлаш эди.
Бу даврдаги иқтисодий сиёсатнинг муҳим хусусияти – бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш билан бирга макроиқтисодий ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга интилиш бўлди. Мамлакатнинг ишлаб чиқариш салоҳияти сақлаб қолинди, ички бозорни асосий товарлар билан таъминлаш имкониятлари кенгайтирилди, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик учун институционал асослар шакллантирилди.
2017 йилдан эътиборан мамлакат иқтисодий сиёсатининг мазмун-моҳияти ва ислоҳотлар суръатида туб бурилиш даври бошланди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодиётни либераллаштириш ва ташқи дунёга очишга қаратилган кенг кўламли янгиланишлар босқичи амалга оширилди. Хусусан, валюта бозорининг эркинлаштирилиши, ташқи савдо тизимининг соддалаштирилиши ҳамда солиқ ва банк соҳаларидаги туб ислоҳотлар иқтисодий муҳитни сезиларли даражада яхшилади. Шу билан бирга, тадбиркорлик йўлидаги маъмурий тўсиқларнинг қисқартирилиши хусусий сектор ва хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар эшигини очди.
Айниқса, валюта сиёсатининг либераллаштирилиши иқтисодиётнинг ташқи бозор билан алоқаларини кучайтириш учун муҳим шарт-шароит яратди. Корхоналарнинг валюта ресурсларидан фойдаланиши енгиллашди, экспорт-импорт операциялари учун имкониятлар кенгайди. Бу жараён кейинги йилларда инвестиция ва ташқи савдо кўрсаткичларининг жадал ўсишига таъсир кўрсатган омиллардан бири бўлди.
Икки босқичнинг умумий натижасини иқтисодиётнинг узоқ муддатли динамикаси орқали баҳолаш мумкин. 2000 йилда 13,7 миллиард доллар бўлган ялпи ички маҳсулот 2025 йилда 147,1 миллиард долларга етди. Аҳоли жон бошига ЯИМ эса 557 доллардан 3 881 долларга ошди. Бу кўрсаткичлар мамлакат иқтисодиётининг кўлами сўнгги 25 йилда сезиларли кенгайганини кўрсатади. Доллардаги номинал қийматлар валюта курси ва нархлар динамикаси таъсирида ўзгаришини инобатга олган ҳолда ҳам, иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш ва ички бозор салоҳияти анча юқори даражага кўтарилгани аниқ.
Иқтисодий ўсишнинг муҳим таянчи инвестициявий фаолликнинг кучайиши бўлди. Асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 2000 йилдаги 0,7 триллион сўмдан 2025 йилда 591,1 триллион сўмга етди. Хорижий инвестициялар ҳажми эса 2017 йилдаги 4,5 миллиард доллардан 2025 йилда 43,1 миллиард долларга кўтарилди.
Инвестицияларнинг ўсиши иқтисодиётда янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, инфратузилмани янгилаш ва технологик модернизация учун молиявий база кенгайганини англатади. Шу билан бирга, инвестицияларнинг кейинги босқичдаги самараси уларнинг ҳажмидан кўра, қандай тармоқларга киритилаётгани ва қанча қўшилган қиймат яратаётгани билан белгиланади. Бу масала 2030 йилгача бўлган иқтисодий сиёсатда алоҳида аҳамият касб этади.
Саноатдаги ўзгаришлар иқтисодиётнинг таркибий трансформациясини янада аниқроқ кўрсатади. Саноатда қўшилган қиймат 2010 йилдаги 8,8 миллиард доллардан 2025 йилда 36,5 миллиард долларга етди. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 1,6 триллион сўмдан 52,6 триллион сўмга ошди. Бу саноат ишлаб чиқаришининг иқтисодиётдаги салмоғи ортиб, хомашёни қайта ишлаш ва ички ишлаб чиқариш занжирлари кенгайганини кўрсатади.
Экспортдаги ўзгаришлар эса иқтисодиётнинг ташқи бозорга интеграцияси нуқтаи назаридан муҳимдир. Олтинсиз экспорт ҳажми 2016 йилдаги 9,3 миллиард доллардан 2025 йилда 24 миллиард долларга етди. Экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улуши 26 фоиздан 52 фоизга ошди. Демак, экспорт ўсишининг муҳим қисми унинг таркибий ўзгариши билан боғлиқ. Қайта ишланган маҳсулотлар улушининг ортиши ташқи бозорда юқорироқ қўшилган қиймат яратиш ва миллий ишлаб чиқарувчиларнинг глобал қиймат занжирларидаги иштирокини кенгайтириш имконини беради.
Энергетикадаги натижалар ҳам иқтисодий ўсиш учун зарур инфратузилма шаклланганини кўрсатади. Электр энергияси ишлаб чиқариш 2000 йилдаги 46,8 миллиард киловатт-соатдан 2025 йилда 86,9 миллиард киловатт-соатга етди. Ишлаб чиқариш ва аҳоли эҳтиёжларининг ўсиши шароитида энергия таъминотини кенгайтириш саноат лойиҳаларини амалга ошириш ва янги инвестицияларни қабул қилиш имкониятларининг муҳим шартига айланди.
Шу тариқа, мустақиллик йилларида иқтисодиётнинг асосий кўрсаткичлари билан бир қаторда унинг ривожланиш механизми ҳам ўзгарди. Дастлаб миллий иқтисодий тизим ва унинг барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган вазифалар устувор бўлган бўлса, кейинги босқичда иқтисодиётни очиш ва либераллаштириш жараёни тезлашди. Натижада бугунги Ўзбекистон иқтисодиёти каттароқ ички бозор, юқори инвестициявий фаоллик, кенгайиб бораётган саноат базаси ва диверсификацияланаётган экспорт салоҳиятига эга.
Янги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадлар ана шу иқтисодий базага таянган ҳолда шаклланган. Уларнинг умумий хусусияти – иқтисодиёт ҳажмини ошириш билан бирга, ўсиш манбаларини диверсификация қилиш ва маҳсулдорликни оширишга қаратилганидир.
Энг йирик мақсад – 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш, аҳоли жон бошига ЯИМни эса 5,8 минг доллардан юқори даражага етказиш. 2025 йилдаги 147,1 миллиард долларлик кўрсаткичдан келиб чиқиб, бу марра иқтисодиётнинг кейинги беш йилда юқори суръатларда ўсишини талаб этади. Бироқ бундай ўсишни таъминлаш учун аввалги даврдаги ресурслар ва инвестицияларни кўпайтиришнинг ўзи етарли эмас. Меҳнат унумдорлигини ошириш, хусусий инвестицияларни кенгайтириш, технологик янгиланишни тезлаштириш ва юқори қўшилган қийматли тармоқларни ривожлантириш зарур. Аҳоли жон бошига ЯИМнинг 5,8 минг доллардан оширилиши эса иқтисодий ўсишнинг аҳоли фаровонлиги билан боғлиқ натижаларини кучайтиришни тақозо этади. Саноатда қўшилган қийматни 60 миллиард долларга етказиш ҳам шу вазифанинг бир қисми.
2025 йилдаги 36,5 миллиард долларлик даража билан таққослаганда, бу саноатда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш билан бирга, бир бирлик ресурсга тўғри келадиган иқтисодий қийматни оширишни талаб қилади. Бунинг учун хомашёни чуқур қайта ишлаш, саноат кооперациясини кучайтириш, технологик ускуналарни янгилаш ва маҳаллий корхоналарнинг халқаро ишлаб чиқариш занжирларига киришини кенгайтириш муҳим. Шу нуқтаи назардан, саноатдаги ўсишнинг асосий кўрсаткичи ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми эмас, балки яратилган қўшилган қиймат ва меҳнат унумдорлиги бўлиб боради.
Экспорт бўйича 2030 йилга қадар олтинсиз экспорт ҳажмини ҳар йили ўртача 15 фоизга ошириш, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улушини 70 фоизга етказиш вазифаси белгиланган. 2025 йилда тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улуши 52 фоиз бўлганини ҳисобга олсак, янги марра экспорт таркибини янада юқори қайта ишланган маҳсулотлар томон ўзгартиришни талаб қилади.
Бу вазифа саноат сиёсати билан бевосита боғлиқ. Ташқи бозорларда барқарор ўрин эгаллаш учун корхоналар маҳсулот сифатини халқаро талабларга мослаштириши, логистика харажатларини пасайтириши, ишлаб чиқариш унумдорлигини ошириши ва ташқи бозорлардаги талаб ўзгаришларига тез жавоб бера олиши керак. Шу сабабли экспортнинг ўсиши мамлакатнинг ишлаб чиқариш ва рақобат муҳитидаги ўзгаришларнинг муҳим индикаторига айланади.
Инвестиция сиёсатида хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳажмини йиллик ўртача 5–7 фоизга ошириш мақсад қилинган. Бунда асосий вазифа капитал оқимини сақлаб қолиш билан бирга, уни юқори технологик ишлаб чиқаришлар, экспортга йўналтирилган тармоқлар ва юқори қўшилган қиймат яратадиган лойиҳаларга жалб қилишдан иборат. Инвестициянинг иқтисодий самараси янги корхона ёки ишлаб чиқариш қувватининг ўзи билан эмас, балки унинг меҳнат унумдорлиги, экспорт ва маҳаллий корхоналар билан кооперацияга таъсири билан ҳам ўлчанади. Стратегияда хусусий секторнинг иқтисодиётдаги ролини оширишга ҳам катта аҳамият берилган. Нодавлат сектор улушини 85 фоизга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ЯИМдаги улушини 60 фоизга етказиш мақсадлари иқтисодий фаолликнинг асосий қисми хусусий ташаббус ва рақобат ҳисобига шаклланишини кўзда тутади. Бунинг амалий натижаси тадбиркорлар учун бозорларга кириш, молиялаштириш, инфратузилма ва рақобат шароитларининг янада яхшиланиши билан белгиланади.
Энергетикада 2030 йилга қадар иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига етказиб бериладиган электр энергияси ҳажмини 120 миллиард киловатт-соатдан ошириш белгиланган. Иқтисодиёт ҳажмининг ўсиши энергияга бўлган талабни ҳам оширади. Шунинг учун янги қувватларни ишга тушириш билан бир қаторда тармоқларни модернизация қилиш, энергия йўқотишларини камайтириш ва қайта тикланувчи манбалардан фойдаланишни кенгайтириш иқтисодий ўсишнинг барқарорлиги учун муҳим бўлади.
2030 йилгача белгиланган вазифаларни бир бутун тизим сифатида кўриш лозим. ЯИМни 240 миллиард доллардан ошириш саноат ва хизматлар ўсишини талаб қилади; саноатнинг кенгайиши энергия ва инвестицияга эҳтиёжни оширади; экспортнинг ўсиши эса рақобатбардош ишлаб чиқариш ва самарали логистикасиз таъминланмайди. Бу жараёнларнинг барчасида хусусий сектор ва инсон капитали ҳал қилувчи омиллардан бири бўлиб қолади.
Шу жиҳатдан, 2030 йилга қадар иқтисодий вазифаларни биргина “юқори ўсиш” мақсади билан ифодалаш тўғри эмас. Гап иқтисодиёт ҳажмини ошириш билан бир вақтда меҳнат унумдорлигини, қўшилган қийматни кўпайтириш, экспорт таркибини яхшилаш ва хусусий секторнинг иқтисодий фаоллигини кенгайтириш ҳақида бормоқда.Энди асосий вазифа салоҳиятдан янада самарали фойдаланишдир.
Жамшид ШАРИПОВ,
"Тараққиёт стратегияси" маркази бўлим бошлиғи.
ЎзА