Тарбия самарадорлиги боланинг дунёқараши ва ҳаётий кўникмаларидаги ижобий ўзгаришлар билан баҳоланиши зарур
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Тошкент шаҳри Олмазор тумани 441-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида “Мактабгача таълимда миллий тарбия модели – келажак авлод тарбиясининг стратегик йўналиши” мавзусида ўтказилган амалий семинарда иштирок этди.
Т.Норбоева мамлакатимизда таълим олиш имкониятлари сезиларли даражада кенгайганини, эндиликда асосий вазифа таълим ва тарбия сифатида ўзгаришларга эришишдан иборат эканини алоҳида таъкидлади.
Миллий тарбия модели оддий тарбиявий тадбирлар мажмуи эмас, балки мактабгача таълимдан бошлаб умумий ўрта, профессионал ва олий таълим босқичларигача давом этадиган ягона, изчил ва узлуксиз тизим ҳисобланади.
Бу жараёнда Ватанга муҳаббат ва миллий ўзликни англаш, маънавий-ахлоқий фазилатлар ва ҳалоллик, инсон қадр-қимматига ҳурмат, зўравонликка муросасиз муносабатда бўлиш, оилавий қадриятлар, соғлом турмуш тарзи, ҳуқуқий маданият, мустақил фикрлаш, меҳнатсеварлик, жамиятга дахлдорлик, табиат ва атроф - муҳитга масъулиятли муносабатни шакллантириш каби устувор йўналишлар қамраб олиниши зарур.

Тарбия самарадорлиги ўтказилган тадбирлар ёки тайёрланган ҳисоботлар сони билан эмас, балки боланинг хулқ-атвори, дунёқараши ва ҳаётий кўникмаларидаги ижобий ўзгаришлар билан баҳоланиши зарур.
Иштирокчилар таълим ва тарбия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, мактабгача таълимдан бошлаб узлуксиз миллий тарбия тизимини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Э.Каримова “Ватанпарвар, миллатпарвар, билимли, интизомли, ташаббускор ва Ватан тақдирига дахлдор авлодни тарбиялаш” шиори остида ишлаб чиқилган, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларни қамраб оладиган узлуксиз Миллий тарбия моделининг моҳияти ва стратегик аҳамияти ҳақида ахборот берди.
Мазкур лойиҳа Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Сенат мувофиқлаштирувида ташкил этилган махсус ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилмоқда.

Миллий тарбия моделини самарали жорий этиш учун педагогларни тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш, уларни замонавий методика ва сифатли миллий контент билан таъминлаш, ота-оналар, маҳалла ва жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Сенаторлар, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, ҳудудий ва туман бўлимлари раҳбарлари ҳамда таълим соҳаси мутасаддилари қатнашган тадбир доирасида мактабгача таълим ташкилотининг янги қурилган бинолари билан танишилди. “Ўзбек тилини ўйнаб ўрганамиз” платформаси тақдимоти ҳам ўтказилди.
Н.Абдураимова, ЎзА