Ўзбекистон ва Миср сув ресурсларини бошқаришда ҳамкорликни ривожлантиради
Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва замонавий технологияларни жорий этиш бугунги кунда сув хўжалиги соҳасидаги муҳим йўналишлардан ҳисобланади. Айниқса, сув танқислиги ва иқлим ўзгариши шароитида хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда илғор ечимларни амалиётга татбиқ этиш соҳани ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шу кунларда Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Зокир Ишпўлатов Ўзбекистон делегацияси таркибида Миср Араб Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Ташрифнинг дастлабки тадбирларидан бири Миср Сув ресурслари ва ирригация вазири Ҳани Сувейлем билан учрашув бўлди. Унда икки мамлакатнинг сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилиниб, сув танқислигига қарши чоралар, суғорма деҳқончилик, трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш ва иқлим шароитига мос сув бошқаруви бўйича фикр алмашилди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги тарихий илмий муносабатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Фарғона заминидан етишиб чиққан Аҳмад ал-Фарғонийнинг Мисрдаги илмий фаолияти, хусусан, 861 йилда Қоҳира яқинидаги Равда оролида Нил дарёси сув сатҳини ўлчаш учун “Миқёс ан-Нил” иншоотини такомиллаштиргани икки халқ ўртасидаги илмий алоқаларнинг муҳим намунаси сифатида қайд этилди.
Шу билан бирга, Мисрнинг чўл ҳудудларини ўзлаштиришга қаратилган “Mostaqbal Misr” лойиҳаси доирасидаги тажриба ўрганилмоқда. Томонлар айланма суғориш технологиялари, дренаж сувларини тозалаш ва қайта фойдаланиш, гидрогеология, энергия тежамкорлиги ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон делегацияси Миср Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари марказига ҳам ташриф буюриб, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва яйловларни бошқариш соҳаларидаги илмий-амалий ишлар билан танишди.
Хизмат сафари доирасида “Mostaqbal Misr” лойиҳаси, Чўл тадқиқотлари маркази, Миллий сув тадқиқотлари маркази, Вади-Эл-Натрун ҳудудидаги сув хўжалиги объектлари ва Саха қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот станцияси фаолиятини ўрганиш ҳам режалаштирилган. Шунингдек, рақамли молиялаштириш, давлат-хусусий шериклик, уруғчилик ва иқлим ўзгаришига мос қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш бўйича тажриба алмашиш кўзда тутилган.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, ташриф натижалари асосида сув ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида алоқаларни кучайтириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар тайёрланади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА