Тараққиёт формуласи: Япония тажрибаси Ўзбекистонга нима беради?
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатлар янги мазмун билан бойиб бормоқда. Икки мамлакат ҳамкорлиги иқтисодиёт, инвестиция, таълим ва технология соҳасида тобора мустаҳкамланаётгани стратегик шерикликнинг амалий натижаси сифатида намоён бўлмоқда.
Ана шундай муҳим ташаббуслардан бири Ўзбекистон – Япония маркази фаолиятидир. 2025 йил мазкур лойиҳанинг VI босқичини амалга ошириш бўйича қарор қабул қилиниши икки давлат муносабатида янги саҳифа очди. Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги – JICA томонидан ажратилаётган маблағ, кўрсатилаётган техник кўмак марказ имкониятини янада кенгайтириши кутиляпти.
Хўш, мазкур ташаббус Ўзбекистон учун қандай аҳамиятга эга ва инсон капитали, иқтисодий тараққиётга қай даражада ижобий таъсир кўрсатади? ЎзА мухбирининг Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти Оқилиддин Алимов билан суҳбати шу ҳақда.
– Кейинги йилларда муносабатлар сезиларли даражада фаоллашди. Ўзбекистон – Япония маркази лойиҳасининг VI босқичи ана шу ҳамкорлик тизимида қандай ўрин тутади?
– Таъкидлаш жоиз, бу лойиҳани оддий таълим дастури ёки навбатдаги халқаро грант сифатида баҳолаш ўринсиз. Зеро, бу жараён икки давлат ўртасидаги узоқ муддатли институционал ҳамкорликнинг муҳим механизмидир.
Бугунги дунёда муайян мамлакатнинг рақобатбардошлиги фақат табиий ресурс ёки географик жойлашув эмас, балки инсон капитали сифати билан ҳам белгиланмоқда. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон – Япония маркази мамлакатда замонавий билим, бошқарув маданияти ва тадбиркорлик кўникмасини шакллантиришга хизмат қилаётган муҳим платформага айланган.
VI босқичнинг аҳамияти шундаки, аввалги йилларда тўпланган тажрибани янги шароитга мослаштириш имконини беради. Бугун Ўзбекистон иқтисодиёти бошидан кечираётган такомиллашув жараёни янги саноат тармоғи, экспортбоп ишлаб чиқариш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун халқаро стандартга жавоб берадиган кадрларни талаб қилади.
Япония эса самарали бошқарув, ишлаб чиқариш маданияти ва инновацион ёндашув бўйича етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Марказ айнан шу тажрибани Ўзбекистон шароитига мослаб татбиқ этиши билан қимматли.
Энг муҳими, мазкур лойиҳа икки мамлакат муносабатини иқтисодий ва сиёсий даражадан инсонлар ўртасидаги яқинлик даражасига олиб чиқади. Бу эса ҳар қандай стратегик шерикликнинг энг мустаҳкам пойдеворидир.
– Нима учун лойиҳа доирасида инсон капиталига сармоя киритишга алоҳида эътибор қаратилган?
– Замонавий иқтисодий назарияда инсон капиталига киритилган инвестиция энг юқори самара берадиган сармоя сифатида баҳоланади. Зеро, инфратузилма ёки технология вақт ўтиши билан эскириши мумкин, билим ва малака эса ҳар қандай соҳада қўшимча қиймат ярата олади.
Ўзбекистон – Япония марказининг энг катта устунлиги ҳам айнан инсон омилига эътибор қаратилганида. Муассаса орқали ташкил этиладиган бизнес курслари, менежмент дастурлари ва малака ошириш лойиҳалари турли соҳалар учун рақобатбардош мутахассис тайёрлашга хизмат қилади. Айниқса, хусусий сектор учун бу ташаббуснинг аҳамияти беқиёс. Бугун тадбиркорликни ривожлантириш фақат молиявий ресурсга эмас, балки самарали бошқарувга ҳам боғлиқ. Япониянинг корпоратив маданияти, меҳнат интизоми ва сифатни бошқариш тажрибаси маҳаллий бизнес учун ажойиб мактаб вазифасини ўтайди.
Яна бир муҳим жиҳат: марказ фаолияти ёшлар учун халқаро билим ва кўникмани ўзлаштириш имконини кенгайтиради. Натижада меҳнат бозори талабига жавоб берадиган, глобал иқтисодий жараённи тушунадиган ва инновацион фикрлайдиган мутахассислар қатлами шаклланади. Бу нафақат алоҳида инсонлар муваффақияти, балки мамлакат иқтисодиётининг узоқ муддатли барқарор ривожланишида муҳим омилдир.
– Экспертлар таълим ва бизнес ўртасидаги ўзига хос кўприк сифатида кўраётган ушбу марказнинг тадбиркорлик муҳити ва хусусий сектор ривожига келгусидаги таъсири ҳақида нима дея оласиз?
– Бу фикрга тўлиқ қўшилиш мумкин. Ривожланган давлатлар тажрибаси кўрсатадики, иқтисодий ўсишнинг асосий драйверларидан бири – таълим муассасалари, бизнес ҳамжамияти ва инновацион муҳит ўртасидаги самарали ҳамкорлик.
Ўзбекистон – Япония маркази айнан шу вазифани бажаради. Мажмуада тадбиркорлар нафақат назарий билим, балки амалий бошқарув кўникмасини ҳам олади. Бу эса бизнесда қабул қилинадиган қарор сифатига бевосита таъсир кўрсатади.
Кун чиқар юрт тажрибасининг энг муҳим жиҳатларидан бири – самарадорлик ва сифатга устувор аҳамият берилиши. Машҳур “кайзен” тамойили, яъни доимий такомиллашиш маданияти корхона рақобатбардошлигини оширишнинг муҳим омилидир. Бундай ёндашув маҳаллий бизнес амалиётига кириб келиши ишлаб чиқариш сарфини қисқартириб, маҳсулот сифати ва меҳнат унумдорлигини оширади.
Айниқса, ҳар қандай иқтисодиётнинг энг ҳаракатчан қисми ҳисобланадиган кичик ва ўрта бизнес учун бу жуда муҳим. Илғор билим ва кўникма янги иш ўринлари яратиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини орттиришга хизмат қилади. Шу маънода марказ фаолиятини иқтисодий тараққиёт сари етакловчи узоқ муддатли сармоя сифатида баҳолаш мумкин.
– Бугун рақамли технология таълим соҳасини тубдан ўзгартирмоқда. Сизнингча, марказ фаолиятида рақамли таълим ва инновацион ёндашувнинг ўрни қандай бўлади?
– Бу жуда муҳим масала. Замонавий таълим энди фақат аудитория билан чекланмаяпти. Бугун билим олиш жараёни вақт ва ҳудуд чегарасини босқичма-босқич йўқотмоқда.
Ўзбекистон каби аҳолиси кенг ҳудудларга тарқалган мамлакат учун рақамли таълим имконияти алоҳида аҳамиятга эга. Ахир, ҳар бир ёш ёки тадбиркор Тошкентга келиб ўқиш имконига эга эмас. Онлайн платформа эса сифатли таълимни мамлакатнинг исталган нуқтасига етказиш имконини беради.
Менимча, лойиҳанинг келгуси босқичларида рақамли таълим иштирокини янада кучайтириш мақсадга мувофиқ. Масофавий курс, вебинар, электрон ўқув модули ва гибрид таълим формати мажмуа мижозларини бир неча карра кўпайтириши мумкин.
Яна бир муҳим жиҳат бор: рақамли таълим билимни тенг тақсимлайди. Вилоятлар, айниқса чекка ҳудудларда яшовчи ёшлар ҳам халқаро даражадаги таълим ресурсидан фойдалана олади. Қолаверса, рақамли платформа битирувчи, тадбиркор ва эксперт ўртасида доимий мулоқот муҳитини шакллантириш имконини беради. Натижада билим олиш бир марталик жараён эмас, балки узлуксиз ривожланиш тизимига айланади.
Инновацион иқтисодиёт шароитида айнан шундай ёндашув мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиради.
Хулоса
Ўзбекистон – Япония маркази лойиҳасининг VI босқичи икки давлат ўртасидаги муносабатнинг навбатдаги амалий ифодаси, инсон капитали, бизнес таълими ва институционал ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган стратегик ташаббус сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Экспертлар фикрича, ушбу марказ фақат таълим муассасаси эмас, балки замонавий бошқарув маданияти, тадбиркорлик кўникмаси ва инновацион ғоя шакллантирувчи муҳим платформа вазифасини бажаради. Шунингдек, глобал интеграция жараёнида Ўзбекистоннинг иқтисодий модернизацияси ва халқаро рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлайдиган муҳим маскандир.
Мусулмон Зиё суҳбатлашди.
ЎзА