Танзила Норбоева: Аҳоли мурожаатлари қонунчилик, парламент назорати ва бошқа ишлар учун асосий манбага айланиши шарт
Сенат ялпи мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда кенг қамровли ислоҳотлар бошланган илк даврда Халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши ўта муҳим ва ўз вақтида қабул қилинган қарор бўлгани таъкидланди.
Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларни рози қилиш ҳамда уларнинг муаммоларини тезкор ҳал этишда мазкур институт ўзининг самарадорлиги ва натижадорлигини амалда намоён этди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева замон шиддат билан ўзгараётгани, халқимизнинг талаб ва эҳтиёжлари ҳам тобора ортиб бораётганини қайд этди. Бу эса, олдимизга янги вазифаларни қўйиб, аҳоли билан ишлашда замонавий, самарали ва янгича ёндашувларни жорий этишни тақозо этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳолати танқидий-таҳлилий руҳда ўрганилиб, ҳудудлар кесимидаги кўрсаткичлар солиштирилди. Таҳлиллар ҳар ўн минг нафар аҳолига тўғри келадиган ариза ва шикоятлар сони Тошкент шаҳри, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё, Жиззах, Қашқадарё ҳамда Тошкент вилоятларида республика бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори экани маълум бўлган. Ушбу кўрсаткич республика бўйича ҳар ўн минг нафар аҳолига ўртача 319 тани ташкил этмоқда.
Қатор туман ва шаҳарларда мутасаддилар томонидан сайёр ва шахсий қабулларни ташкил этишга юзаки ёндашилаётгани, аҳоли мурожаатларини кўриб чиқишда масъулиятсизлик ва сусткашлик ҳолатларига йўл қўйилаётгани танқид қилинди. Бундай ҳолатлар фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатаётир.
Мазкур соҳани янада такомиллаштириш ва уни мутлақо янги босқичга олиб чиқишга қаратилган Президент фармонида парламент зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклатилди. Жумладан, 2026 йил май ойидан бошлаб аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳисоботларини Қонунчилик палатаси ва Сенатда, ҳокимлар ҳамда ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳисоботларини эса тегишлича Сенатда ва маҳаллий Кенгашларда ҳар чоракда камида бир марта эшитиб бориш тартиби жорий қилинади.
Президент Халқ қабулхонаси томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳолати юзасидан Қонунчилик палатаси ва Сенатга, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига мунтазам равишда таҳлилий ахборотлар киритиб борилади.
– Ҳудудлар палатаси сифатида мазкур масала, энг аввало, биз сенаторлар, шунингдек жойлардаги маҳаллий Кенгашларни аҳоли мурожаатлари билан ишлашга янада эътиборли ва талабчан бўлишга, бу борадаги парламент назоратини кучайтиришга ундаши лозим, – деди Т.Норбоева. – Мурожаатларнинг асосий қисми ички ишлар, мажбурий ижро, соғлиқни сақлаш, бандлик, ижтимоий ҳимоя, энергетика, инфратузилма ҳамда бошқа ижтимоий аҳамиятга эга масалаларга тўғри келмоқда. Ўтган йил ҳамда жорий йилнинг дастлабки икки ойида Сенатга келиб тушган мурожаатлар таҳлили ҳам ариза ва шикоятларнинг асосий қисми айнан шу соҳаларга тўғри келаётганини кўрсатди. 2025 йил давомида Сенатга қарийб 11 мингта мурожаат келиб тушган бўлса, жорий йилнинг январь - февраль ойларида уларнинг сони 2 минг 137 тани ташкил этди.
Алоҳида таъкидлаш керакки, алимент ундириш масалалари билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқишдаги муаммолар йўқ эмас. Хусусан, бу йўналишдаги ҳар учта мурожаатдан биттаси, яъни қарийб 30 фоизи ўз ечимини топмасдан қолаётгани давлатимиз раҳбари томонидан танқид қилиниб, мазкур масалага янгича ёндашувлар белгилаб берилди. Жумладан, алимент тўловчиларни касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлашда бандлик органлари ҳамда “маҳалла еттилиги” ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, уларни хорижга ишга юбориш бўйича ҳуқуқий механизмларни соддалаштириш каби амалий чоралар белгиланди.
“Давлатимиз раҳбари белгилаб берган устувор вазифалардан келиб чиқиб, эндиликда мазкур йўналишдаги ишлар янада фаоллаштирилади. Бу борада Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Мажбурий ижро бюроси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Маҳаллалар уюшмаси ҳамда бошқа мутасадди идоралар ўртасидаги ҳамкорлик кучайтирилади. Аҳоли мурожаатлари фаолиятимизнинг барча йўналишлари – қонунчилик, парламент назорати ва бошқа ишлар учун бирламчи манбага айланиши шарт”, деди Т.Норбоева.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА