Сенат Раиси МДҲ маконида муҳим аҳамиятга эга бўлган ташаббусларни илгари сурди
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо давлатлар Парламентлараро ассамблеяси(ПА)нинг 60-ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда МДҲ маконида 2026 йил – Соғлиқни сақлаш йили доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар эътибор марказида бўлди.
Нуфузли анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева мазкур тузилма ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, парламент дипломатиясини мустаҳкамлашда муҳим платформага айланганини таъкидлади. Халқларимиз фаровонлигига хизмат қиладиган ҳамда ҳаёт сифатига таъсир қиладиган энг муҳим масалага эътибор қаратилмоқда. Зеро, соғлиқни сақлаш соҳасида қўшма дастурларнинг амалга оширилиши ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш учун янги имкониятлар очади.

– Ўзбекистон ушбу йўналишда ўзининг мақсадли сиёсатини олиб бормоқда, - деди Т.Норбоева. – Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш – давлатнинг энг устувор вазифаларидан бири этиб белгилаган. “Ўзбекистон - 2030” стратегияси доирасида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш, телемедицинани ривожлантириш ва бирламчи тиббий ёрдамни кучайтириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Сенат Раиси MДҲ маконида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича муҳим таклифларни билдирди. Жумладан, тиббий ёрдам кўрсатиш ва соғлиқни сақлашга оид қонунчиликни мувофиқлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Бунда, тиббий ҳужжатларни ўзаро тан олиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, тиббий маълумотлар алмашинуви ва тиббий хизматлар сифатини ошириш зарур. Шу боис, МДҲ маконида соғлиқни сақлаш бўйича намунавий қонун ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Жорий йилда Ўзбекистон МДҲ Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик кенгашига раислик қилаётгани амалий ташаббусларни илгари суриш ва парламентлараро ҳамкорликни кучайтириш борасида қўшимча масъулият юклаши таъкидлаб ўтилди.
Ўзбекистон парламент делегацияси томонидан трансчегаравий соғлиқни сақлаш соҳасида ҳуқуқий асосларни ривожлантириш билан бирга юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштириш, соғлом овқатланиш ва рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, фармацевтика соҳасида ягона ёндашувларни шакллантириш, дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва сифат назоратини кучайтириш, тиббиёт кадрларини тайёрлаш ҳамда малака алмашинуви бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга доир таклифлар илгари сурилди.
Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш учун зарур ҳуқуқий асосларни яратиш ва қабул қилинган қонунларнинг самарали ижросини таъминлашда парламент дипломатияси муҳим ўрин тутаётгани алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон делегацияси МДҲ ПА ҳузуридаги Соғлиқни сақлаш бўйича эксперт кенгаши салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш ташаббусини илгари суриб, ушбу йўналишда фаол ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.
Мажлис якунида мувофиқлаштирилган қонунчилик ташаббуслари ҳамда парламентлараро ҳамкорлик МДҲ маконида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва интеграция жараёнларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши эътироф этилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Норгул Абдураимова, ЎзА