Тантанали руҳда ўтди
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод тумани ҳудудида жойлашган Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ўқув марказида навбатдаги битирувчиларга сертификатлар топширилди ҳамда Миллий гвардия сафида хизмат қилиш истагини билдирган ёш аскарларнинг ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросими тантанали руҳда бўлиб ўтди.
Тадбирда Миллий гвардия қўмондонлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Гулистон ҳарбий прокуратураси, Миллий гвардиянинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши, Сирдарё вилояти Мудофаа ишлар бошқармаси, Сирдарё вилояти божхона бошқармаси, вилоят Нуронийлар кенгаши вакиллари, ҳарбий фахрийлар, ёш аскарларнинг ота-оналари, оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.


Маросимда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда юксак масъулият, интизом ва Ватанга садоқат туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар изчил давом этаётганини таъкидладилар. Ёш аскарларга шарафли ва масъулиятли хизмат фаолиятида муваффақиятлар, мустаҳкам ирода ва халқ ишончини оқлаш йўлида омад тиладилар.

Тадбир давомида Ихтисослаштирилган ўқув марказини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификатлар топширилди. Шундан сўнг ёш аскарлар давлат байроғи олдида ҳарбий қасамёд қабул қилиб, Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги, халқ тинчлиги ва юрт хавфсизлигини ҳимоя қилишга, хизмат бурчини виждонан ва сидқидилдан бажаришга қасамёд қилдилар.

Маросимнинг амалий қисмида ёш ҳарбий хизматчилар қўл жанги усуллари, саф тайёргарлиги ва махсус жисмоний машқлар бўйича кўргазмали чиқишлар қилишди. Мазкур чиқишлардаги юқори тайёргарлик, эпчиллик ва жамоавий уйғунлик йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Тантанали маросим Ватан ҳимояси йўлини танлаган ёшлар учун нафақат хизматнинг янги босқичи, балки халқ ва мамлакат олдидаги муқаддас бурчни адо этишга берилган садоқат қасамининг амалий ифодаси бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири