Танловда рақобат эмас, келишув устун келганми?
Танлов савдосида рақобат бўлмаса, унинг ўзи қанчалик адолатли ўтган, деб ҳисоблаш мумкин?
Ғолиб олдиндан маълум бўлса, бошқа иштирокчиларнинг тенг шартларда майдонга чиқишидан нима наф? Қорақалпоғистонда ўтказилган ўрганишлар айнан шу каби саволларни ўртага қўйди.
Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитаси томонидан 2026 йилнинг январь–июнь ойларида умумий қиймати 41 млрд сўмга яқин бўлган 345 та танлов савдоси таҳлил қилинди. Ўрганишлар натижасида қиймати 32,1 млрд сўм бўлган 317 та давлат харидида рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига зид 842 та ҳолат аниқланди.
Жумладан, 2025 йил давомида etender.uzex.uz электрон платформаси орқали йўл қурилишида фойдаланилган қурилиш материаллари ва бажарилган ишлар сифатини лаборатория синовларидан ўтказиш, лаборатория хулосалари ва синов баённомаларини расмийлаштириш хизматларини харид қилишга оид, бошланғич қиймати 1,6 млрд сўмдан ортиқ бўлган 200 та танлов савдоси ўрганилди.
Таҳлиллар натижасида буюртмачи ҳамда танловларда иштирок этган айрим хўжалик юритувчи субъектлар ҳаракатларида рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар аломатлари мавжудлиги аниқланди.
Хусусан, иштирокчиларнинг танловларда ҳудудлар кесимида ўзаро тақсимланган ҳолда иштирок этгани, айрим корхоналарнинг мунтазам равишда биргаликда қатнашиши натижасида муайян иштирокчининг доимий равишда ғолиб бўлгани, таклиф этилган нархларда бир хил ва синхрон ёндашувлар қўллангани қайд этилди.
Шунингдек, айрим ҳолатларда лаборатория синов баённомалари танлов ўтказилиши ва шартнома тузилишидан аввал расмийлаштирилган. Баъзи шартномалар бўйича эса ишлар Ғазначиликда рўйҳатдан ўтган куннинг ўзида ёки эртаси куни тўлиқ бажарилгани ҳақида ҳисоб-фактуралар расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Махсус комиссия буюртмачининг ҳаракатларида “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси талабларига риоя қилинмаганини, яъни савдоларда рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар мавжудлигини аниқлади.
Аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди. Қонунбузилишига йўл қўйган масъул мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли тартибда суд органларига юборилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА