Ўзбекистон ва Беларусь: инвестициявий ҳамкорлик янги, амалий босқичга кўтарилади
Хива шаҳрида Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркор аёлларининг тўртинчи бизнес-форуми доирасида “Ўзбекистон ва Беларусь: саноат кооперацияси, қўшма инвестициялар, меҳнат салоҳиятини рўёбга чиқариш” мавзусидаги биринчи шўъба йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда икки мамлакат парламентлари аъзолари, давлат органлари вакиллари, ишбилармон доиралар, тадбиркорлик бирлашмалари ҳамда фаол тадбиркор аёллар иштирок этди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги саноат кооперациясини янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва янги қиймат занжирларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Иштирокчилар таъкидлаганидек, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларининг тобора мустаҳкамланиши нафақат мавжуд ҳамкорликни кенгайтириш, балки янги саноат тармоқларини ўзлаштириш, замонавий технология ва инновацияларни жорий этиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда янги бозорларга чиқиш учун кенг имкониятлар яратади.
Шу нуқтаи назардан, саноат кооперацияси доирасида юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, маҳаллий хомашё ва ресурслардан самарали фойдаланиш, технологик тажриба алмашиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳим йўналишлар сифатида қайд этилди.

Шўъба йиғилишида, шунингдек, инвестицияларни жалб қилиш механизмларини такомиллаштириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ва меҳнат салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Аёлларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва уларнинг тадбиркорликдаги иштирокини кенгайтиришга алоҳида урғу берилди. Хусусан, янги иш ўринларини яратиш, касбий кўникма ва компетенцияларни ривожлантириш, аёлларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, инвестиция лойиҳаларида уларнинг иштирокини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитларни шакллантириш муҳим вазифалар сифатида белгилаб олинди.

Мулоқот жараёнида Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркорлари ўртасида янги ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш, мавжуд бизнес алоқаларини кенгайтириш ва амалий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича фикр алмашилди.
Иштирокчилар саноат кооперацияси ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш икки мамлакат тадбиркорлари учун янги имкониятлар эшигини очиши, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ўзаро манфаатли иқтисодий шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги саноат, инвестиция ва тадбиркорлик соҳаларидаги ҳамкорликни аниқ амалий лойиҳалар билан бойитиш, ишбилармонлик мулоқотини изчил давом эттириш ва янги шериклик ташаббусларини илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.
Норгул Абдураимова,
Бекзодбек Саидов (сурат), ЎзА