Таълимда янги замонавий ёндашувлар
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Наманган шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида бўлиб, янги кутубхона, “AI Psixolog” платформаси ҳамда таълимни ривожлантиришга қаратилган бир қатор замонавий лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Вилоят марказидаги Оби ҳаёт маҳалласи ҳудудида жойлашган илм масканида олиб борилган ўрганиш давомида ҳоким фаол, иқтидорли, зукко ўқувчилар билан самимий суҳбатлашиб, уларнинг эришган ютуқлари, қизиқишлари ва келгусидаги мақсадлари билан қизиқди.

Мактабда ҳомийлик асосида қарийб 7 минг номдаги бадиий адабиётлар жамланган кўркам кутубхона ташкил этилиб, фойдаланишга топширилган. Ушбу зиё маскани ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши, мутолаага қизиқишини ошириши ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари, сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланилган “AI Psixolog” платформаси тақдимоти ўтказилди.

– Янги тизим ўқувчиларнинг руҳий-эмоционал ҳолатини кузатиб, тушкунлик, хавотир, ижтимоий ёпиқлик ва ўқишга қизиқиш пасайиши каби ҳолатларни эрта аниқлашга ёрдам беради, – дейди мактаб директори Шерзодбек Содиқов. – Муаммо белгилари кузатилганда, маълумот мактаб психологига етказилиб, ўқувчи билан ўз вақтида тегишли ишларни олиб бориш имкони яратилади.
Тақдимотлар давомида, шунингдек, Наманган шаҳрида жорий этилаётган “Ўқувчиларнинг шахсий тараққиёт харитаси”, “34 ҳафта – 34 китоб” лойиҳаси ҳамда 9-11-синф ўқувчиларини касбга йўналтириш харитаси ҳақида маълумот берилди. Ушбу лойиҳалар ўқувчиларнинг шахсий ривожи, китобхонлик маданияти, таълимга қизиқиши ва келажак касбини тўғри танлашига кўмаклашишга қаратилган.

Таълим тизимига жорий этилаётган бундай инновацион ёндашувлардан кўзланган мақсад – ҳар бир ўқувчининг имконият ва эҳтиёжларини аниқлаб, уларнинг таълими, тарбияси, шахсий ривожи ва келажакдаги касбий йўналишларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.