Талимаржон ИЭС: жануб энергиясининг юраги (+видео)
Қашқадарё вилоятидаги “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятида умумий қуввати 1065 мегаватт бўлган янги буғ-газ қурилмалари фаолияти билан танишиш мақсадида республика ва вилоят оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида пресс-тур ташкил этилди.
Унда журналистларга йирик инвестиция лойиҳаси доирасида барпо этилган замонавий энергетика мажмуаси, электр энергияси ишлаб чиқариш жараёни, қўлланилаётган технологиялар ҳамда янги қувватларнинг иқтисодий самарадорлиги ҳақида маълумот берилди.
Мазкур лойиҳа 2025 йил декабрь ойида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Халқаро конгресс марказида ўтказилган янги энергетика қувватларини ишга туширишга бағишланган тантанали маросим доирасида фойдаланишга топширилган эди.
Умумий қиймати 944,87 миллион АҚШ долларига тенг бўлган инвестиция лойиҳаси доирасида станция ҳудудида ҳар бири юқори самарадорликка эга иккита буғ-газ қурилмаси барпо этилди. Лойиҳа Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредит маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди.
[gallery-32276]
Қурилиш ишлари Испаниянинг “Intesa Ingenieria Industrial” S.A., Япониянинг “Mitsubishi Corporation” ва Туркиянинг “Çalık Energy” каби халқаро компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Янги энергетика мажмуасининг ишлаб чиқариш имкониятлари эътиборга молик. Унинг буғ-газ қурилмалари йилига 8 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга. Бунда ҳар бир газ турбинасининг қуввати 367,4 мегаваттни, буғ турбинасиники эса 185,7 мегаваттни ташкил этади.
Эътиборлиси, замонавий технологиялар нафақат электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки табиий газ сарфини камайтириш имконини ҳам беради. Ҳисоб-китобларга кўра, янги қурилмаларнинг юқори самарадорлиги натижасида йилига 300 миллион куб метр табиий газ тежалади. Бу эса бир томондан мавжуд ёқилғи ресурсларидан оқилона фойдаланишга, иккинчи томондан электр энергияси таннархи ва ишлаб чиқариш самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Ишлаб чиқарилган электр энергиясини ягона миллий электр энергетика тизимига барқарор узатиш мақсадида лойиҳа доирасида 500 киловольт кучланишга мўлжалланган янги очиқ тақсимлаш қурилмалари ҳам барпо этилган.
Пресс-тур давомида журналистлар замонавий энергетика мажмуасининг техник имкониятлари ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Лойиҳанинг ижтимоий аҳамияти ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Янги буғ-газ қурилмаларининг ишга туширилиши натижасида корхонада қўшимча 100-120 та иш ўрни яратилди. Бу эса маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш билан бирга, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, мазкур инвестиция лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 декабрдаги “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятини умумий қуввати 900 мегаваттдан кам бўлмаган навбатдаги иккита буғ-газ қурилмасини қуриш билан кенгайтириш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилди.
Бугунги кунда энергетика соҳасидаги асосий вазифалардан бири мавжуд қувватларни модернизация қилиш, янги ишлаб чиқариш манбаларини яратиш ва ёқилғи ресурсларидан самарали фойдаланишдан иборат. Талимаржон ИЭСда барпо этилган мазкур мажмуа ана шу мақсадлар йўлидаги йирик лойиҳалардан бири бўлиб, мамлакат энергетика тизимининг ишончлилиги ва ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари