Талабаларни турар жой билан таъминлашда қандай муаммолар бор?
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида шу масалага эътибор қаратилди. Наманган вилоятида жойлашган олий таълим ташкилотлари талабаларини турар жой билан таъминлаш бўйича вазифалар ижроси муҳокама қилинди.
Қўмита раиси Одилжон Маматкаримов талабаларни тураржой билан таъминлаш даражасини яхшилаш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилганини қайд этди. Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари асосида 2022-2025 йилларда янги биноларни қуриш, мавжуд биноларни мослаштириш орқали реконструкция қилиш ҳисобига 77,9 минг янги ётоқ ўрни яратилган.
2026 йил март ойи ҳолатига давлат олий таълим ташкилотларидаги талабалар турар жойлар сони 391 тага етказилган ёки 159,2 мингдан ортиқ талабаларни жойлаштириш имконияти яратилган. Шу тариқа ётоқхонага эҳтиёжи мавжуд талабаларни уй-жой билан таъминлаш даражаси 57 фоизга етказилди.

Наманган вилоятида жойлашган 9 олий таълим ташкилотида 5 минг 580 ўринли 9 талабалар турар жойи мавжуд. Ахборот тизими орқали 7 минг 258 ариза қабул қилинган ҳамда 5 минг 714 нафар талабага шартнома ва йўлланмалар шакллантирилган.
Сенаторлар айрим муаммоли ҳолатлар мавжудлигига эътибор қаратди. Хусусан, Наманган вилоятидаги 5 та нодавлат олий таълим ташкилотининг 4 тасида талабалар учун турар жойлар қурилмаганлиги сабабли талабалар асосан ижарада яшашга мажбур бўлмоқда.
Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган айрим ётоқхоналарда талабалар ювиниш хоналари ва ҳожатхоналари санитария-гигиена талабларига тўлиқ жавоб бермайди.
Наманган давлат педагогика институтига қарашли талабалар тураржойлари 1978-1981 йилларда қурилган бўлиб, маънан эскирган, замонавий талаблар билан жиҳозланмаган.

Мажлисда талабаларни тураржой билан таъминлашга масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди. Ушбу йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгиланди.
“Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенг ҳуқуқлилигини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Уларга одил судловдан фойдаланиш учун қулай имкониятлар яратилиши ва ушбу шахсларнинг мурожаати талаб этилмаган ҳолда солиқ имтиёзлари берилиши, уларни ишга қабул қилган ёки уларга ижтимоий хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзлари берилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қонун ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини аниқ йўналтирилган ҳолда қўллаб-қувватлаш чораларини такомиллаштириш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг ва қулай шарт-шароитлар яратиш орқали уларнинг турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қилиши таъкидланди.
Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан қўмита қарорлари қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА