Талабалар касаба уюшмалари фаолияти билан танишди
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Навоий вилояти кенгаши томонидан “Касаба уюшмаларининг, ходимлар ва бошқа вакиллик органларининг меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлашдаги иштироки” мавзусида ўқув- амалий семинар ўтказилди.
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг ҳаёт фаолияти хавфсизлиги йўналиши талабалари, федерациянинг вилоят кенгаши ходимлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари эркин ва кенг кўламли фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароит яратилганлиги, сўнгги йилларда касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик янги босқичга кўтарилганлиги, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинаётганлиги ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, тадбирда касаба уюшмалари томонидан меҳнатни муҳофоза қилиш, меҳнаткашларга хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ва бу борада жамоатчилик назоратини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
– Фаолиятимиз давомида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқдамиз, – дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Навоий вилоят кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилафрўз Ўразова. – Бу, айниқса, ёш авлодни касаба уюшмалари тизимларига кенг жалб қилиш, ижтимоий-сиёсий кўникмаларини янада мустаҳкамлашда яққол кўзга ташланмоқда. Бугунги семинар ҳам айни шу мақсадда ташкил этилганлиги билан аҳамиятлидир.
[gallery-17928]
Семинарда таъкидланганидек, юртимизда меҳнат муҳофазасини тартибга солувчи мустаҳкам ҳуқуқий база, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари яратилган. Ушбу ҳужжатларга амал қилишда ижтимоий шерикчиликнинг аҳамияти эса йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Семинар давомида мутахассислар томонидан ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш, касб касалликларининг олдини олиш ва касалликка чалинган шахсларга ногиронлик гуруҳини белгилаш асослари, меҳнат лаёқати йўқотилиш даражасини аниқлаш бўйича ҳам маълумотлар берилди.
– Бугунги тадбирда касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари аҳоли бандлигини таъминлаш, ишдан озод этилаётган ходимларни ҳимоя қилиш, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир бошқа масалаларни ҳал қилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлигини билиб олдик, – дейди университет талабаси Шаҳзодбек Эргашев. – Шунингдек, тадбирда иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги муносабатлар, томонларнинг мажбурият ва бурчлари ҳақида ҳам батафсил маълумотларга эга бўлдик. Бу эса олийгоҳни битириб, ишга жойлашганимизда, албатта, фойдаси тегади.
Тадбир сўнггида ёшлар Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Навоий вилояти кенгаши фаолияти билан яқиндан танишдилар.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари