Талаба-ёшлар – келажагимиз бунёдкори
Муносабат
Президентимиз ташаббуси билан жорий йилнинг Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилинишида чуқур маъно мужассам. Зеро, ёшлар мамлакатимиз тараққиётининг мустаҳкам суянчиғи. Хусусий бизнес осуда, обод, тўкин турмушимиз манбаи. Янги таҳрирдаги Конституциямизда ёшлар ҳамда бизнесга оид ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг мустаҳкамлангани ҳам мамлакатимизда ҳар иккала соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, ғамхўрлик кўрсатилаётганининг амалдаги ифодасидир.
Янги Ўзбекистон – ёшлар мамлакати. Уларнинг янгича фикрлаши, кенг дунёқараши, изланувчанлиги, замонавий ахборот-коммуникация технологияларига қизиқувчанлиги олдинги авлодлардан тубдан фарқ қилади. Иккинчидан, мамлакатимизда сўнгги йилларда барча эзгу амал ва ғоялар инсон қадрини улуғлашга йўналтирилгани халқимиз манфаати ва ёш авлод камолотига хизмат қилмоқда.
Олий таълим муассасамизда ҳам барча ишлар “Инсон қадри учун” тамойилига асосланган ҳолда амалга оширилмоқда. Айни пайтда институтимизда 10 минг 600 дан ортиқ талаба олий таълимнинг бакалавр ва магистратура йўналишларида ўқиб, ўзлари танлаган касб сирларини чуқур ўрганаётир. Педагогика ва санъат, бошланғич таълим, мактабгача таълим, табиий фанлар, математика ва информатика, тарих, жисмоний маданият, филология, хорижий тил ва адабиёти факультетларида сабоқ олиб, Ватанга муносиб кадрлар бўлиб улғаймоқда. Уларга 300 дан ортиқ профессор-ўқитувчи таълим-тарбия бермоқда.
Институтда бўлғуси мутахассисларнинг сифатли таълим олиши, касб ўрганиши учун барча шароит яратилган. Замонавий усулда жиҳозланган ўқув хоналари, лаборатория машғулоти хонаси, ахборот-ресурс маркази, компьютер хонаси, спорт зали ва майдончалари, фаоллар залигача мавжуд. Барча қулайликка эга иккита талабалар тураржойи ҳам йигит-қизлар хизматида. Уларнинг дарсдан бўш вақтларида спорт билан шуғулланиб, жисмонан чиниқиши, миллий ҳунармандчилигимиз сирларини ўрганиши, хорижий тилларни пухта ўзлаштириши учун ҳам етарли шароит яратилган. Бундай имкониятлардан оқилона фойдаланаётган талабаларимиз мамлакат ва халқаро фан олимпиадаларида совринни ўринларни эгаллаб, ўз билим ва маҳоратларини кенг намойиш этмоқда. Мамлакатимиз ва хорижда институтимиз нуфузини оширишга интилаётган бундай талабаларимиз ютуқлари муносиб рағбатлантирилаётир.
Талабаларимизнинг таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш учун профессор-ўқитувчиларни хорижга малака оширишга юбориш, академик мобиллик ва талаба алмашинуви дастурини йўлга қўйиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган меморандумлар имзоланиб, босқичма-босқич етакчи олий таълим муассасалари билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш чоралари кўрилмоқда.
Институтимиз вилоятдаги энг ёш олий таълим муассасаларидан бири бўлса-да, талабаларимизнинг илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларидаги дастлабки кўрсаткичлари қувонарлидир. Масалан, мамлакатимизда ўтказилаётган "Марифат майдони", "Қувноқлар ва зукколар", "Заковат" интеллектуал ўйинларида яхши натижаларга эришмоқдамиз. Йигит-қизларимиз халқаро спорт беллашувларида қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритаётир. Жумладан, шу йил Болгариянинг София шаҳрида бокс бўйича ўтказилган “Странжа” халқаро турнирида иккинчи босқич талабамиз Хўжаназар Нортожиев олтин медалга сазовор бўлди. Бирлашган Араб Амирликларида Карате ВКФ бўйича бўлиб ўтган ёшлар лигасида биринчи босқичда таҳсил олаётган Меҳриддин Тўрахонов олтин, Абдул Ваххоб Рашидов кумуш ҳамда Исломбек Исматуллаев бронза медаллари билан қайтди.
Талаба- ёшларимизга яратилаётган замонавий шароитлар интитутимизда нафақат спорт соҳасида чемпионлар, балки Давлат мукофоти совриндорлари, номдор стипендиантлар, Осиё чемпионлари, фан олимпиадаси совриндорлари сафини кенгайтиришга хизмат қилаётгани билан эътиборга сазовор бўлаётир.
Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида институтда талабаларнинг таълим олиш сифатини тубдан ошириш, уларнинг мулоқот майдонини янада кенгайтириш учун талабалар алмашинуви дастурини жорий этдик. Шунга мувофиқ илк беш нафар талабани Россия Федерациясининг Шадринск давлат педагогика университетига ўқишга юбордик. Икки томонлама келишувимиз доирасида улар икки ой хорижлик профессор-ўқитувчилардан ўз мутахассисликлари бўйича назарий сабоқ олади. Амалий машғулотларда иштирок этиб, кўникмаларини мустаҳкамлайди.
Айни кунларда тўрт нафар истеъдодли талабамиз қўшни Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида ўтказилаётган Халқаро математика фан олимпиадасида иштирок этмоқда.
Президентимизнинг “Ўзбекистон –2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони билан ёшларнинг салоҳияти, истеъдоди ва ташаббусларини тўлақонли рўёбга чиқаришда жорий йилги вазифалар белгилаб берилди. Шунга мувофиқ олий таълим муассасамизда ҳам бошланган барча ишлар улуғвор мақсад– жамиятимиз учун етук малакали педагог-кадрлар тайёрлашга қаратилган.
Азизбек Ҳасанов, Термиз давлат
педагогика институти ректори.
ЎзА