“Talaba fest – 2026” ёшлар фестивали юқори кайфиятда ўтди
Гулистон давлат университетида “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси доирасида ташкил этилган “Talaba fest – 2026” фестивали талабаларнинг интеллектуал салоҳияти, ижодий тафаккури ва замонавий қарашларини намоён этган йирик ёшлар анжуманига айланди.
Фестивалнинг очилиш маросимида университетнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилмурод Эшмуродов иштирок этиб, мамлакат тараққиёти бугун ёшларнинг билим ва ташаббусига таянаётганини алоҳида таъкидлади. У ўз нутқида замонавий талаба нафақат билим олувчи, балки жамиятни янгилашга қодир инновацион ғоялар муаллифи, келажак тараққиётининг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига айланиб бораётганини қайд этди.

– Янги Ўзбекистонни барпо этишда билимли, ташаббускор ва креатив ёшларнинг ўрни беқиёс. Бугунги фестивал ана шу салоҳиятнинг ёрқин ифодасидир, – деди проректор.

Тадбир давомида талабалар турли йўналишларда ўз иқтидорларини намоён этдилар. Интеллектуал беллашувлар, тезкор савол-жавоблар, инновацион ғоялар тақдимоти ва стартап лойиҳалар фестивалга алоҳида руҳ бағишлади. Айниқса, ахборот технологиялари, таълим, экология, тадбиркорлик ва ижтимоий ташаббусларга оид ёшлар лойиҳалари иштирокчилар ҳамда меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Фестивал доирасида ташкил этилган маданий чиқишлар, мусиқий дастурлар ва ижодий намойишлар тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлади. Ёш ижодкорларнинг саҳна чиқишлари, миллий ва замонавий санъат уйғунлиги фестивал муҳитини янада жозибадор қилди.

Энг муҳими, “Talaba fest – 2026” ёшларни бирлаштирган, уларни янги марралар сари руҳлантирган майдонга айланди. Тадбир ҳар бир иштирокчига янги тажриба, кучли мотивация ва унутилмас хотиралар тақдим этди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири