Таҳлил: Профессор-ўқитувчи ва талабалар нисбати мутаносибми?
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда олий таълим қамрови сезиларли даражада кенгайди. Янги давлат ва нодавлат олийгоҳларининг ташкил этилиши, хорижий университетлар филиаллари фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳамда қабул квоталарининг оширилиши натижасида талабалар сони 1,6 миллиондан ошди.
Бироқ, бу ўсиш профессор-ўқитувчилар сонининг ҳам худди шундай суръатларда кўпайишини талаб қилади.
Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги эълон қилган рейтинг натижалари айнан шу масала долзарблигини кўрсатмоқда. Давлат олийгоҳларида бир нафар профессор-ўқитувчига ўртача 19,1 нафар талаба тўғри келаётгани халқаро амалиёт нуқтаи назаридан мақбул кўрсаткичлардан бири сифатида баҳоланиши мумкин. Бироқ, хорижий филиалларда бу рақам 32,9 нафарга, нодавлат олийгоҳларда эса 55,3 нафарга етгани таълим жараёнига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Энг ташвишли жиҳатлардан бири — айрим олийгоҳларда бир нафар профессор-ўқитувчи ҳиссасига 200 нафардан ортиқ талаба тўғри келаётганидир. Бундай ҳолатда ўқитувчининг ҳар бир талаба билан индивидуал ишлаши, амалий машғулотларни сифатли ташкил этиши, илмий раҳбарлик қилиши ва билимларни чуқур баҳолаш имкониятлари чекланади. Натижада таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли ортади.
Маълумотлар яна бир муҳим жиҳатни кўрсатади. Ижод ва спорт йўналишидаги олийгоҳларда бир ўқитувчига ўртача 8,4 нафар талаба тўғри келаётгани мазкур соҳаларнинг амалий хусусияти билан изоҳланади. Тиббиёт соҳасида ҳам нисбат нисбатан паст — 13,6 нафар. Аммо ижтимоий-гуманитар йўналишларда бу кўрсаткич 44,3 нафаргача етиши аудиториялардаги юклама юқорилигини англатади.
Мутахассислар фикрича, олий таълим сифатини ошириш учун қабул кўрсаткичларини ошириш билан бирга, профессор-ўқитувчилар таркибини кенгайтириш, илмий салоҳиятли кадрларни тайёрлаш ва уларни таълим муассасаларига жалб этишга ҳам устувор аҳамият қаратиш зарур. Чунки таълим сифати нафақат замонавий инфратузилма ёки ўқув дастурлари, балки ҳар бир талабага ажратиладиган академик эътибор билан ҳам белгиланади.
Шу боис профессор-ўқитувчи ва талабалар нисбати олий таълим муассасалари фаолияти самарадорлигини баҳоловчи муҳим мезонлардан бири бўлиб қолмоқда. Бу кўрсаткични мақбул даражада сақлаш эса рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ва миллий олий таълим тизими сифатини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА