Президентнинг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотига тайёргарлик жараёнлари қизғин паллада
Пойтахтимизда Бизнес-омбудсман томонидан жорий йил 20 август - Тадбиркорлар куни арафасида ўтказиладиган давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотига тайёргарлик жараёнлари юзасидан брифинг бўлиб ўтди.
Унда Бизнес-омбудсман шўъба мудири Гулжамол Шукурова томонидан тун-у кун ишлаётган Республика штаби фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, бугунги кун ҳолатида жами 3 минг 879 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 3 минг 639 таси қўнғироқлар, 240 таси эса телеграм-бот орқали қабул қилинди. Ушбу мурожаатларнинг 1 минг 780 таси ижобий ҳал этилди, 2 минг 99 таси эса кўриб чиқиш жараёнида турибди.
Мурожаатлар мазмунига кўра, уларда банк-молия масалалари, тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, тадбиркорликни тартибга солишни соддалаштириш, солиқ тизимини такомиллаштириш, инфратузилма билан таъминлаш ҳамда ишлаб чиқариш майдонлари билан таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолият ва инвестициялар, тадбиркорлар маҳсулотларига бозор топиш, тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда транспорт-логистика масалалари бўйича мурожаатлар рўйхатга олинди.
Ҳудудлар кесимида эса энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри 494 та, Қашқадарё вилояти 457 та, Самарқанд вилояти 365 та, Жиззах вилояти 325 та ва Тошкент вилоятидан 320 та келиб тушди. Мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, Фарғона вилоятида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорнинг e-auksion орқали сотиб олинган ер майдонини давлат томонидан қайтариб қабул қилиш ҳамда тўланган маблағнинг 85 фоизини қайтариб бериш ҳақидаги мурожаати Бизнес-омбудсман назоратига олиниб, маблағларнинг қайтарилишида амалий ёрдам кўрсатилди.
Давлат раҳбарининг очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида тадбиркорлар билан бевосита учрашувлар тизимли равишда ташкил этилмоқда. Масъул ташкилотлар томонидан 1 минг 128 та учрашув ўтказилиб, уларда 17 минг 140 нафар тадбиркор иштирок этди ва улар томонидан 6 минг 687 та таклиф ва масалалар билдирилди. Шу билан бирга, Бизнес-омбудсман ва Савдо-саноат палатаси томонидан ўтказилган 89 та учрашувда 4 минг 151 нафар тадбиркор қатнашди. Тадбиркорлар томонидан жами 1 минг 119 та тизимли ва индивидуал масала билдирилди.
Тадбиркорлардан келиб тушаётган ҳар бир мурожаат реал вазиятни чуқур таҳлил қилиш, соҳадаги тизимли масалаларни олдиндан аниқлаш ва уларга нисбатан энг мақбул ечимларни ишлаб чиқишда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА