Тадқиқотчилар Дания ва Испанияда малака оширади
Бухоро муҳандислик-технология институтида Эрасмус+ дастури доирасида “Озиқ-овқат фанлари ва технологияси бўйича Ўзбекистон олимлари учун Европа жаҳон иқтидорлари кампуси” номли яна бир катта лойиҳага қўл урилди. Лойиҳага кўра, Ўзбекистонда озиқ-овқат соҳасида “Барқарор ўсиш ва иш ўринлари” билан боғлиқ салоҳиятни ошириш, барқарор ишлаб чиқиш тизимини жорий этиш бўйича ҳар йили 100 га яқин мутахассис Дания ва Испания тажрибаси асосида ўқиш ва илмий тадқиқотлар ўтказиш имконига эга бўлади.
Дания давлатининг етакчи олий ўқув юртларидан саналган Копенгаген ҳамда Испаниянинг Экстремадура университетлари эндиликда Ўзбекистоннинг озиқ-овқат бўйича олий таълим муассасалари билан соҳа тараққиётига хизмат қилувчи йирик лойиҳани амалга оширади. Келишувга мувофиқ, Европа Иттифоқига аъзо давлатлардаги нуфузли, “ТОП 1000” таликка кирган олий ўқув юртларида “CAMP 1” дастури асосида олиб борилаётган илмий тадқиқотларда юртимиз талабалари ва тадқиқотчи олимларни кенг жалб қилиш назарда тутилган.
– Олий ўқув юртида мазкур дастур доирасида озиқ-овқат фанлари ва технологиялари бўйича Ўзбекистон олимлари учун Европа жаҳон иқтидорлари компуси доирасида яна бир катта лойиҳага қўл урилди, –дейди Копенгаген университети профессори Сорен Баллинг Энгелсен. –Унга кўра, Ўзбекистонда озиқ-овқат соҳасида “Барқарор ўсиш ва иш ўринлари” билан боғлиқ салоҳиятни ошириш, барқарор ишлаб чиқариш тизимини жорий этиш бўйича ҳар йили 100 нафарга яқин мутахассис Дания ҳамда Испания тажрибаси асосида ўқитилади. Илмий изланиш ва тадқиқотлар ўтказиш имкониятига эга бўлади. Биз бежизга Ўзбекистонни танламадик. Сабаби, бу жойдаги тажриба бугун халқаро майдонда ҳам эътироф этиляпти.
[gallery-16399]
Дания ва Испаниядан ташриф буюрган олимлар Бухоро муҳандислик-технология институтида таълим муассасаси ўқитувчиларининг озиқ-овқат фани ва технологияси доирасида ўқитиладиган асосий фанлар ва уларнинг таълимини яхшилаш бўйича бугунги кун талабларини кенг муҳокама қилди. Лойиҳага кўра, улар бир вақтнинг ўзида ҳам ўқиш ва ишлаш, шу орқали даромад топиш ҳамда билимларини ошириб бориш имконига эга бўлади. Бунинг афзаллиги –талабаларнинг ўқиш давридаёқ келажакдаги иш жойи тайин дегани. Мазкур йўналишда ривожланган давлатлардаги тадқиқотчиларнинг бугунги изланишлари натижаси ва бу борада Ўзбекистоннинг бой тажрибасини мувофиқлаштириш катта самаралар бериши мулоқотларнинг бош мавзуси бўлди.
– Ўзбек талабалари билан суҳбатда шу нарсага амин бўлдимки, салоҳият ва имконият биз ўйлаганданда юқори, - дейди профессор Сорен Баллинг Энгелсен. –Жаҳон бозорида сифат биринчи масала. Бугун юртингизда мутахассислар айни шу йўналишни ўзлаштиришмоқда. Мақсадлар, режалар эса катта самара беришига ишонаман.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жаҳондаги энг муҳим вазифалардан бири. Йўлга қўйилаётган янги лойиҳа эса ҳар йили 100 нафарга яқин юртимиз ёшларининг соҳага доир билимларини бойитиш ва янги ишланмаларни амалиётга татбиқ қилиш имконини беради.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири