Яхшилик улашилган кун
“Мустақиллик тўйи” фестивали доирасида Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида жойлашган Аёллар мурувват уйида “Яхшилик карвони” хайрия тадбири ўтказилди. Инсон қадрини улуғлаш, меҳр-мурувват ва саховат тамойилларини ҳаётга кенг татбиқ этишга қаратилган мазкур тадбир иштирокчилар қалбида унутилмас таассурот қолдирди.
Тадбир давомида мурувват уйида яшаётган хотин-қизларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилди. Улар учун маданий-маърифий дастур ташкил қилиниб, дилга яқин суҳбатлар, самимий мулоқотлар ва кўнгилочар чиқишлар байрамона муҳитни янада файзли қилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига эсдалик совғалари топширилди. Айниқса, уларнинг кайфиятини янада кўтарган муҳим янгиликлардан бири – марказнинг 50 нафар тарбияланувчиси учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига саёҳат ташкил этилиши белгиланганидир. Бу сафар уларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш, миллий ва диний меросимиз билан яқиндан танишишида муҳим аҳамият касб этади.

“Яхшилик карвони” хайрия тадбири орқали жамиятимизда инсонпарварлик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик каби юксак қадриятларни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган эзгу анъаналарнинг ҳаётбахш аҳамияти яна бир бор намоён бўлди. Энг муҳими, бу каби учрашувлар мурувват уйи истиқомат қилувчиларига юксак эътибор ва эъзозни ҳис этиш, уларнинг қалбига қувонч ва умид бағишлашга хизмат қилди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири