Тадбиркорларнинг муаммолари тингланди
Бизнес-омбудсман девонида кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
200 дан ортиқ тадбиркорлар иштирок этган тадбирда тизимли муаммолар ва мурожаатлар атрофлича тингланди.

Хусусан, мулоқот давомида солиқ маъмурчилигининг мураккаблиги, тадбиркорлик субъектларидаги текширувларнинг кўплиги, белгиланган имтиёзлардан фойдаланишдаги қийинчиликлар ҳамда экология соҳасидаги компенсация тўловлари билан боғлиқ бир қатор масалалар ўртага ташланди ва муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунида мазкур муаммоларни бартараф этиш, хусусан, текширувларни қисқартириш ва соддалаштириш бўйича масъул вазирлик ҳамда идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 15 майидан бошлаб давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан ўтказадиган навбатдаги Очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш мақсадида 40 дан ортиқ вазирлик ва идораларнинг етук мутахассисларини ўзида жамлаган Республика штаби фаолияти бошланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА