Ўзбекистон ва Ҳиндистон қайта тикланувчи энергия соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда
Энергетика тармоғини модернизация қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишда дунёнинг йирик энергетика компаниялари билан мулоқот ва ҳамкорлик алоқалари муҳим аҳамиятга эга.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Ҳиндистоннинг “Adani Group” компаниясининг халқаро энергетика бўйича бош ижрочи директори Амит Сингҳ ўртасида ўтказилган учрашувда бу алоҳида қайд этилди.
Мулоқот давомида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, замонавий энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш, тармоқларда самарадорликни ошириш ҳамда истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистонда “яшил” энергия қувватларини кенгайтириш, қуёш ва шамол энергетикаси соҳасидаги лойиҳаларни ривожлантириш, соҳага илғор халқаро тажриба ва инновацион ечимларни жорий этиш бўйича фикр алмашди. Шунингдек, истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, замонавий технологияларни татбиқ этиш ҳамда тизимнинг барқарорлиги ва ишончлилигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, энергетика соҳасида узоқ муддатли шериклик муносабатларини ривожлантириш ва янги инвестиция ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Энергетика вазирлиги ахборот хизматига кўра, “Adani Group” Ҳиндистоннинг электр энергетикаси, қайта тикланувчи энергия, логистика, инфратузилма ва саноат соҳаларида фаолият юритувчи етакчи хусусий компанияларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда у дунёнинг қатор мамлакатларида йирик энергетика ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА