Тадбиркорлар Президент билан учрашувга тайёргарлик кўрмоқда
Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб давлатимиз раҳбарининг бизнес вакиллари билан кутилаётган учрашувига тайёргарлик доирасида ҳудудларда тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифларини ўрганиш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Йиғилишларда Бизнес-Омбудсман, Савдо-саноат палатаси ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, тадбиркорлардан келиб тушаётган мурожаатларни кўриб чиқиш, уларни ҳал этиш механизмлари ва очиқ мулоқотга тайёргарлик масалалари муҳокама қилинмоқда.
Жумладан, Бизнес-омбудсман ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Сурхондарё вилоят бошқармаси ҳамкорлигида воҳа тадбиркорлари билан юзма-юз учрашув ўтказилди. Унда 40 нафар тадбиркорлик субъекти вакиллари иштирок этиб, бевосита ўз муаммолари, соҳани ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган омиллар ва таклифларини фаол баён этди.
Бу каби очиқ мулоқотлар нафақат жойлардаги хусусий сектор вакилларининг муаммоларини тезкор ҳал этиш, балки давлатимиз раҳбари билан кутилаётган катта мулоқот учун иқтисодий ислоҳотлар заминини яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, Жиззах вилоятида тадбиркорлар билан суд-ҳуқуқ масалалари бўйича очиқ мулоқот ўтказилди.
Вилоятда ўтказилган мулоқотда Президент Администрацияси масъуллари, Бизнес-омбудсман ҳамда Олий суд раҳбарияти, Савдо-саноат палатаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ иштирок этди.
Мазкур очиқ мулоқотдан ҳам кўзланган асосий мақсад – ҳудудда ҳуқуқ-тартибот ҳамда суд тизимидаги ислоҳотлар самарасини кўздан кечириш, шунингдек, хусусий сектор вакилларининг қонуний манфаатларини кафолатлаш ҳолатини таҳлил қилишдан иборат бўлди.
Тадбиркорлар билан ташкил этилган очиқ мулоқотларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳақиқий муаммолар ўртага ташланди. Шу билан бирга, вилоят судьялари иштирокида ўтказилган юзма-юз мулоқотда тизимдаги камчиликлар танқидий руҳда кўриб чиқилди. Бу каби бевосита учрашувлар бизнес аҳлининг кундалик фаолиятида дуч келаётган ғовларини ўз вақтида бартараф этиш ҳамда соҳадаги ҳуқуқий маданиятни янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Самарқанд вилоятида ўтказилган очиқ мулоқотда келиб тушган аризаларни тизимлаштириш ва уларни ҳал этиш механизмлари ҳудудий штабда муҳокама қилинди.
Қашқадарё вилоятида 50 дан ортиқ тадбиркорнинг мурожаатлари кўриб чиқилди. 20 га яқин тадбиркорнинг муаммоси таҳлил қилинди.
– Ўтказилаётган тадбирларда 6 ойлик сарҳисоб ва янги таҳлиллар ҳам кўриб чиқилмоқда, – деди Бизнес-омбудсман масъул ходими Гулжамол Шукурова. – Жорий йилнинг январь-июнь ойлари давомида мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг эркин фаолият юритиши учун қулай муҳит яратиш борасидаги ишлар давом эттирилди. Бизнес-омбудсман девони томонидан назорат қилувчи органлар фаолияти устидан олиб борилаётган доимий мониторинг натижалари соҳада ижобий ўзгаришлар ва тадбиркорларга енгиллик яратишга қаратилган ҳаракатлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Тадбиркорлар энг кўп тўқнаш келадиган асосий назорат идораларида текширишлар сони кетма-кет бир неча ойдан буён барқарор равишда камайиб бормоқда. Бу тизимларнинг рақамлашаётгани ва «инсон омили» чекланаётганидан далолат беради.
Хусусан, Солиқ қўмитасида назорат тадбирлари энг катта кўрсаткичга, яъни 8 636 тага камайди. (Ўтган йилги 59 725 тадан 51 089 тага тушди).
Ўзагроинспекцияда текширувлар сони 437 тага камайиб, барқарор пасайиш трендини сақлаб қолди. Қурилиш ва коммунал хўжалиги назорати инспекциясида назорат тадбирлари 365 тага камайди. Адлия вазирлигида текширувлар сони сезиларли даражада – 305 тага қисқарди.
Давлат молиявий назорати инспекциясида назорат фаолияти қарийб 4,4 баробарга (218 тага) камайиб, бор-йўғи 64 тани ташкил этди.

Шу билан бирга, айрим йўналишларда хавфсизлик ва аҳоли саломатлигини таъминлаш мақсадида назорат тадбирларининг фаоллашгани кузатилмоқда. Жумладан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик қўмитаси, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ҳамда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази тизимида кетма-кет 2-3 ойдан буён ўсиш динамикаси кузатилмоқда.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳри, Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида текширувлар сони ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда кўпайган.

Ушбу кўрсаткичлар тадбиркорларга асоссиз босим ўтказишга хизмат қилмаслиги лозим. Девон томонидан мазкур идораларнинг ҳар бир текшируви асослилиги ва қонунийлиги қатъий назоратга олинади ва тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқлари таъминланади.
Президентимизнинг тадбиркорлар билан 5 очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш мақсадида барча ҳудудларда ташкил этилган штаблар жорий йилнинг 15 август кунига қадар 24/7 режимида фаолият юритмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА