Мувофиқлик аудитини сунъий интеллект технологияларини қўллаган ҳолда амалга ошириш жорий этилади
Давлатимиз раҳбари 2026 йил 6 июлда “Давлат аудити фаолиятида сунъий интеллект ва рақамлаштиришни янада ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Фармонга кўра, 2027 йилдан Ҳисоб палатасининг давлат ташқи аудити фаолиятида янги қоидалар жорий этилади.
Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларида жорий этилаётган сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш бўйича сунъий интеллект тизимларини қўллаш аудити йўлга қўйилади.
Ҳисоб палатасининг сўровига кўра тақдим этилган маълумот (ҳужжат)лар, рақамли технологиялар, электрон ҳужжат алмашинуви ҳамда ахборот тизимларига масофавий ташқи аудит ўтказилади.
Хавф (риск) таҳлилларига таянган ҳолда давлат органлари ва ташкилотларида молиявий, мувофиқлик ҳамда самарадорлик аудити йўналишларида ахборот технологиялари аудити ўтказилади.
Ҳисоб палатаси давлат органлари ва ташкилотларида молиявий, мувофиқлик ҳамда самарадорлик аудити йўналишларида ахборот технологиялари аудитини ўтказишга масъул ваколатли орган этиб белгиланди.
2028 йил 1 сентябрдан мувофиқлик аудитини сунъий интеллект технологияларини қўллаган ҳолда амалга ошириш жорий этилади.
Н.Абдураимова, ЎзА