Тадбиркорлар мурожаатлари тингланди
Мамлакатимизда тадбиркорларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва инвестиция муҳитини янада жозибадор қилиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бирига айланган.
Ана шу мақсадда Навоий вилоятида Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Нодир Мусамуҳамедов иштирокида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Элбек Ғаффоров, вилоят прокурори ўринбосари Равшан Зайниев, соҳа мутасаддилари, тадбиркор ва декларантлар иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Навоий вилояти иқтисодиёти мутлақо янги босқичга кўтарилди. Агар беш йил аввал вилоят экспорти 400 миллион долларга ҳам етмаган бўлса, 2025 йил якунларига келиб ушбу кўрсаткич 1,3 миллиард доллардан ошиб, ҳудуднинг экспорт салоҳияти сезиларли даражада юксалганини кўрсатди.
– Бугунги кунда вилоятда экспорт ҳажмини 1,5 миллиард доллардан ошириш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш режалаштирилган, – дейди Нодир Мусамуҳамедов. – Бу мақсадларга эришиш эса, аввало, самарали бизнес лойиҳаларини амалга ошираётган, ташқи бозорларда фаол иштирок этаётган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан чамбарчас боғлиқ. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоят ташқи савдо айланмаси 1,4 миллиард долларга етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 73,6 фоизга ёки 537,3 миллион долларга кўпдир.
Мулоқотда ташқи иқтисодий фаолият, божхона расмийлаштируви, амалдаги қонунчиликни қўллаш ва экспорт жараёнларига оид кўплаб масалалар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Илгари сурилган таклифлар эса жойида муҳокама қилиниб, масъул раҳбарларга аниқ топшириқлар юклатилди.
– Бундай учрашувлар бизнес ва давлат идоралари ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамлайди, тадбиркорларни янги ташаббусларга илҳомлантиради ҳамда уларнинг муаммоларини ортиқча вақт сарфламасдан ҳал этиш имконини беради, – дейди “Навоий Ишонч Гилам” корхонаси таъсисчиси Шавкат Холназаров. – Бугунги кунда корхонамиз маҳсулотларининг қарийб 40 фоизи Россия, Қирғизистон ва Қозоғистон бозорларига экспорт қилинмоқда. Очиқ мулоқот давомида маҳсулотнинг базавий нархига оид масала юзасидан мурожаат қилдик. Уни қисқа муддатда кўриб чиқиш юзасидан аниқ жавоб олдик. Тадбирда “Энг яхши ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси” номинацияси билан тақдирланганмиз жамоамиз учун катта рағбат бўлди.
[gallery-30634]
Тадбирда ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантириш, божхона қонунчилигига риоя этиш ҳамда мамлакат иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бир қатор тадбиркорлар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари