Тадбиркор солиққа оид қоидабузилишини тан олса, иш судгача оширилмайди
Қонун лойиҳасига шарҳ
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф қилиш миллий қонунчиликнинг энг муҳим йўналишларидан бири. Сўнгги йилларда бу борада бир қатор муҳим қонунлар қабул қилиниб, тадбиркорларга яратилган енгилликлар мустаҳкамлаб қўйилди.
Олий суд томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида парламент қуйи палатасига киритилган тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси ушбу йўналишдаги амалий ишларнинг давоми десак, тўғри бўлади.
Маълумотларга кўра, қонун талабларини бажармаган тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш ва бундай қоидабузарликлар бартараф этилганда, тадбиркорнинг тезда қайтадан фаолиятини тиклаш борасидаги айрим ортиқча маъмурий тартиблар сақланиб қолаётгани тадбиркорлик субъектлари учун вақт ва маблағ билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатларни вужудга келтирмоқда.
Суд амалиёти таҳлилларига кўра, тегишли қонун талабини бажариш орқали ҳисобварақлар фаолиятига қўйилган чекловни солиқ органининг ўзида бартараф этиш имконияти мавжуд бўла туриб, тадбиркор томонидан эътироз билдирмаган бўлишига қарамай, ишларни судга оширишга тўғри келмоқда.
Шунга кўра, ушбу қонун лойиҳаси билан Иқтисодий процессуал ҳамда Солиқ кодексларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, тегишли ҳуқуқбузарликни содир этган тадбиркорлик субъектининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш солиқ органининг ўзи томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда. Яъни, солиқ тўловчи бўлган тадбиркорлик субъекти ўзининг солиққа оид ҳуқуқбузарлигини тан олганда ва эътироз билдирмаганда тадбиркорнинг банк ҳисобварақлари фаолиятини тўхтатиб туриш солиқ органларининг ўзи томонидан амалга оширилади. Тадбиркорнинг эътирози бўлгандагина масалани судга ошириш тартиби жорий этилмоқда.
Шунингдек, ҳуқуқбузарлик бартараф этилганда, ҳисобварақ фаолиятига қўйилган чекловни бекор қилиш ҳам солиқ органи томонидан амалга оширилиши таклиф этилмоқда.
Шу билан бирга, солиқ тўловчи солиқ органининг қарори юзасидан эътироз билдирса, унинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш солиқ органининг аризасига асосан Иқтисодий суд томонидан амалга оширилади. Солиқ органи эътироз келиб тушган кундан бошлаб уч кун ичида судга мурожаат қилиши шарт бўлиб, бу тадбиркорлик субъектларининг фаолияти асоссиз тўхтаб қолишининг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
Лойиҳа орқали банк ҳисобварақлари орқали операциялари тўхтатиб қўйилган тадбиркорларнинг ўз фаолиятларини тезда тиклаш борасидаги тартибга солиш юки ва бюрократик тартиботлар бартараф этилади. Тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришишга бўлган имконияти сақлаб қолиниши билан бирга, солиқ низосини судга қадар ҳал этиш самарадорлиги ошади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА