Ўзбекистонда 180 дан ортиқ меъёрий ҳужжат ЖСТ меъёрига мослаштирилди
Маълумки, сўнгги йилларда давлатимиз халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан имтиёзли савдо-иқтисодий муносабат ўрнатишга алоҳида аҳамият қаратмоқда.
Айни пайт юқори сифатли, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш асосида жаҳон бозоридан мустаҳкам ўрин эгаллаш мақсадини кўзлаган ислоҳотларимиз энг фаол босқичга кирган. Бу жараёнда, айниқса, ташқи савдонинг аҳамияти беқиёс. Шу боис мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш ҳукуматнинг доимий эътиборида.
Табиийки, Жаҳон савдо ташкилотига кириш учун экспорт салоҳиятини ошириш муҳим омил ҳисобланади. Бинобарин, кейинги йилларда, хусусан ўтган йил мазкур нуфузли тузилмага қўшилиш йўлидаги ишлар янада жадаллашгани бежиз эмас. Аъзо давлатлар билан икки ва кўп томонлама музокараларни якунлаш, миллий қонунчиликни ЖСТ ҳужжатларига уйғунлаштириш бўйича салмоқли ишлар қилинди.
Дарҳақиқат, ЖСТга аъзо бўлиш мураккаб ва узоқ давом этадиган жараён. Ўтган йилларда бу борада амалга оширилган ишлар хусусида ЎзА мухбири Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бошқармаси бошлиғи Ўктам Исломовдан интервью олди.
- Бугунги кунда Ўзбекистон ўз тараққиётининг муҳим тарихий палласида турибди, - дейди Ўктам Исломов. - Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади бу халқимизнинг фаровонлигини юксалтиришга қаратилган. Шу билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш назарда тутилмоқда. Бу борада Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиб кириши иқтисодий стратегиямизнинг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Давлат дастурининг айнан шу 2020 йил 16-февралдаги 21-сонли фармонига асосан қабул қилинган давлат дастурида ҳам айнан Ўзбекистоннинг ЖСТга тўлақонли аъзо бўлиб киришини жадаллаштириш бўйича аниқ чоралар белгилаб олинган. Жумладан, фармоннинг 407-бандида икки томонлама музокараларни ва 408-бандида кўп томонлама музокараларни якунига етказиш мақсад қилинган.
Ҳозирги қадар Ўзбекистон 180 дан ортиқ ўзининг меъёрий ҳужжатларига ўзгартириш киритилди. Булар айнан шу Жаҳон савдо ташкилотининг меъёрларига, қоидаларига мослаштириш ишлари амалга оширилди. Бу йўналишда экспорт-импортга тегишли ҳужжатларимиз, шу билан бир қаторда санитария, фитосанитария ҳужжатлари, техник регламентлар, ундан ташқари, мана шу интеллектуал мулк йўналишида ва шунингдек, хизматлар соҳасида ҳам бир қатор ҳужжатларда мувофиқлаштириш ишлари якунига етказилди. Aйнан жорий йилда ҳам 20 дан ортиқ ҳужжатларни мувофиқлаштириш назарда тутилган.
Кўп томонлама музокаралар доирасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 12 та ишчи гуруҳ йиғилишлари ўтказилди. Хусусан, жорий йилнинг 9-март кунида 12-ишчи гуруҳ йиғилиши якунига етказилди. Икки томонлама музокаралар доирасида ҳам Ўзбекистонга ЖСТнинг 166 та аъзо давлатларидан 35 таси қизиқиш билдирган. Aйнан шу 35 та давлат билан хизматлар ва товарлар соҳасида икки томонлама музокаралар якунига етказилди.
Эътиборлиси, музокаралар якунига етказилган давлатлар ичида йирик иқтисодиётга эга бўлган давлатлар бор. Масалан, АҚШ, Европа Иттифоқи, Россия Федерацияси, Хитой каби давлатлар билан музокаралар якунига етказилди ва улар билан икки томонлама баённомалар имзоланиб бўлинди. Жорий йил якунига қадар яна икки давлат билан музокаралар якунига етказилиб, ЖСТга тўлақонли аъзо бўлиш назарда тутилган.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши, бизнинг миллий қонунчилигимизни халқаро савдо қоидаларига, стандартларга мослаштириш ва савдодаги ортиқча тўсиқларни бартараф қилиш, ЖСТнинг асосий принципи бўлган тенглик, шаффофлик тамойилларига мослаштириш назарда тутилган. Бунинг натижасида Ўзбекистон иқтисодиётини барқарор ривожлантиришга янада қўшимча замин яратиш, шу билан бирга, инвестиция муҳитини яхшилашга хизмат қилади.
Ушбу нуфузли тузилмага аъзо бўлиш натижасида мамлакатимизнинг халқаро тизимга тўлақонли интеграциялашуви амалга оширилади ва Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга замин яратилади.
Гўзал Сатторова, ЎзА