Сув тежамкор технологиялар асосида балиқчилик ривожлантирилади
Сув ресурсларини оқилона бошқариш ва уларни тежаш қишлоқ хўжалигида самарадорликни оширишнинг муҳим шартларидан бири. Айниқса, сув заҳиралари чекланган ҳудудларда сув тежамкор технологиялар асосида балиқчиликни ривожлантириш ва мавжуд сув ҳавзаларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда Сув хўжалиги вазири ўринбосари Рустам Қаршиев Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида бўлиб, балиқчиликни замонавий ёндашувлар асосида ривожлантириш, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва мавжуд имкониятларни кенгайтириш масалаларини ўрганди.
Амалий ташриф давомида Сув хўжалиги вазири ўринбосари, соҳадаги масъуллар ҳамда мутасаддилар иштирокида Президентимизнинг 2026 йил 2 июлдаги “Балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда тумандаги мавжуд сув ҳавзаларидан фойдаланиш ҳолати, балиқчилик хўжаликларининг сувга бўлган эҳтиёжи ҳамда сув ресурслари чекланган шароитда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Рустам Қаршиевнинг таъкидлашича, балиқчиликда юқори натижага эришиш учун сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, хўжаликларнинг ҳақиқий эҳтиёжини инобатга олиш ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш муҳим.
– Балиқчиликни ривожлантиришда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш асосий мезон бўлиши керак. Бунинг учун ҳар бир хўжаликнинг сувга бўлган эҳтиёжини аниқ белгилаш, сув олиш лимитларини тўғри шакллантириш ва сарфни назорат қилиш муҳим. Айни пайтда интенсив технологиялардан фойдаланиш орқали камроқ сув сарфи билан кўпроқ маҳсулот олиш имконияти бор. Сунъий сув ҳавзаларида интенсив усулда балиқ етиштириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва замонавий ечимларни амалиётга татбиқ этиш тармоқ салоҳиятини янада оширади, –деди у.

Йиғилишда сувдан фойдаланиш жараёнларини тартибга солиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, сув олиш лимитларини белгилаш, сув етказиб бериш бўйича шартномаларни электрон платформа орқали расмийлаштириш ва сув сарфини назорат қилиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида сув ресурсларидан тежамкор ва самарали фойдаланиш, интенсив усулда балиқ етиштириш ҳажмини ошириш ҳамда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА