Сайёр қабулда фуқаролар муаммолари тингланди
Маълумки, аҳоли муаммоларини тизимли ўрганиш ва уларни қонуний ҳал этиш мақсадида давлат органлари раҳбарлари, ҳокимликлар ҳамда Президент Халқ қабулхоналари томонидан мунтазам равишда шахсий ва сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шаҳноза Султонова томонидан Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаролар учун навбатдаги шахсий қабул ўтказилди.
Қабул давомида фуқароларнинг турли соҳаларга оид мурожаатлари тингланиб, уларнинг муаммо ва таклифлари атрофлича ўрганилди. Ҳар бир мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, тегишли ташкилот ва идоралар масъуллари билан биргаликда қонунчилик доирасида зарур тушунтириш ва маълумотлар берилди.

Шунингдек, қўшимча ўрганишни талаб этадиган масалалар юзасидан мутасадди ташкилотларга тегишли топшириқлар берилиб, мурожаатларни қонуний ва адолатли ҳал этиш бўйича белгиланган тартибда чоралар кўрилиши таъкидланди.
Бугунги кунда аҳоли муаммоларини тизимли ўрганиш ҳамда уларга жойида қонуний ечим топишда давлат органлари раҳбарларининг шахсий ва сайёр қабуллари муҳим платформа вазифасини бажармоқда.
Гулноза Бобоева,ЎзА