Сув таъминоти корхонаси фойдасига 7,3 млрд. сўмдан ортиқ қарздорлик ундирилди
Мажбурий ижро бюросининг Яккасарой туман бўлими томонидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида давлат манфаатлари ҳимоя қилиниб, йирик миқдордаги қарздорлик тўлиқ ундирилди.
Маълум қилинишича, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ижро варақасига асосан қарздор "П" корхонасидан ундирувчи "Тошкент шаҳар сув таъминоти" АЖ фойдасига жами 10 млрд. 664 млн. 640 минг сўм миқдорида етказилган зарарни ундириш белгиланган.
Ижро ҳужжати МИБнинг Яккасарой туман бўлими иш юритувига келиб тушгач, қонунчилик талабларига мувофиқ ижро иши қўзғатилиб, қарздорга ихтиёрий муддат берилган ҳамда тегишли талабномалар юборилган.
Шундан сўнг давлат ижрочиси томонидан қарздор корхонанинг мол-мулкларини аниқлаш ва хатлаш бўйича мажбурий ижро чоралари кўрилган.
Олиб борилган тадбирлар натижасида корхона томонидан 2026 йилнинг 3 июнь куни қарздорликнинг қолган қисми — 7 млрд. 326 млн. 276 минг 168 сўм тўлиқ тўлаб берилди.
Натижада сув таъминоти хизматлари бўйича юзага келган 7 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик тўлиқ қопланиб, суд ҳужжати ижроси амалда таъминланди ҳамда ижро иши якунланди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА