Мўл ҳосил етиштирилди
Боёвут тумани далаларида бу йилги ғалла ўрим-йиғим мавсуми алоҳида кўтаринки руҳда кечмоқда. Қуёш меҳрини аямаган бу майдонларда деҳқоннинг тинимсиз меҳнати, замонавий агротехнологиялар ва табиатнинг ўзи ҳамкорлик қилиб, юксак ҳосилдорлик учун замин яратди. Натижада хирмонлар осмон қадар бормоқда.
Қувонарлиси, тумандаги “Бекзод Облоқулов” фермер хўжалиги давлатга дон топшириш бўйича шартнома мажбуриятларини тўлиқ бажарган хўжаликлар қаторида алоҳида эътироф этилди. Хўжалик ихтиёридаги 120 гектар экин майдонининг 65 гектарида бошоқли дон етиштирилиб, мавсум якунида юқори ҳосилдорликка эришилди.
Фермер хўжалиги томонидан давлат дон қабул қилиш корхонасига жами 300 тонна сифатли дон топширилди. Бу кўрсаткич туманда ғаллачилик соҳасида меҳнат самарадорлиги изчил ошиб бораётгани, деҳқончиликда тўпланган тажриба ва замонавий агротехнологиялар ўз самарасини бераётганини тасдиқлайди.

Ютуқли натижалар эвазига “Бекзод Облоқулов” фермер хўжалиги раҳбари туман ҳокимлиги томонидан эсдалик совғаси билан тақдирланди.
Айни кунларда туманда ғалла ўрим-йиғим ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Мавсумни юқори кўрсаткичлар билан якунлаш, ҳосилни ўз вақтида ва йўқотишларсиз йиғиб олиш мақсадида барча зарур ташкилий ҳамда техник чоралар кўрилмоқда. Деҳқон ва фермерларнинг фидокорона меҳнати эса йил якунининг мўл ҳосилли ва барорли бўлишига мустаҳкам замин яратмоқда.

– Бу йил ҳақиқатан ҳам деҳқончилик йили бўлди, десак тўғри бўлади. Баҳор серёғин келди, бу эса экилган буғдойдан юқори ҳосил олиш имконини берди. Албатта, режаларимиз бор. Насиб қилса, ғалладан бўшаган майдонларга иккинчи экин сифатида мош экишни режалаштиряпмиз. Мош Боёвутда вилоятнинг бошқа ҳудудларига қараганда яхши ҳосил беради. Бу эса нафақат хўжалигимизнинг иқтисодий салоҳиятини оширади, балки ишчилар фаровонлиги ва бозорлар тўкин-сочинлигига ҳам хизмат қилади, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Бекзод Облоқулов.

Мутахассислар таъкидлашича, айни пайтда мавжуд қулай об-ҳаво шароити ва деҳқонларнинг самарали меҳнати ғалла ўрим-йиғим мавсумини юқори натижалар билан якунлаш имконини бермоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири