Маданият ва санъат ходимларига байрам туҳфаси
Маданият ва санъат соҳаси ходимлари куни Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги янги биносининг очилишига бағишланган тадбир ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам ҳамда янги бино фойдаланишга топширилиши муносабати билан қутлади.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда маданият ва санъат соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўтган қисқа вақт ичида тизимга оид қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, соҳани янада ривожлантириш, маданият муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш янги босқичга кўтарилмоқда. Ана шундай эзгу тадбирлар қаторида барча қулайликларга эга янги бинонинг фойдаланишга топширилиши маданият ва санъат соҳаси ходимлари куни байрамида уларга катта туҳфа бўлди.
[gallery-28771]
Тадбирда соҳа фахрийларидан Ўзбекистон халқ артисти, “Меҳнат шуҳрати” ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Нажиматдин Ансатбаев, Қорақалпоғистон халқ артисти Бийбираба Ўтепбергенова сўзга чиқиб, маданият ва санъат соҳасига қаратилаётган юксак эътибор ва қўллаб-қувватлаш учун Президентга миннатдорлик билдирди.
Шундан сўнг рамзий лента кесилиб, иштирокчилар янги бинода яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.