Сув муҳофазасида масъулларнинг жавобгарлиги оширилади
Юртимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сувларнинг давлат ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Эндиликда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш соҳасида масъул шахсларнинг жавобгарлигини ошириш масаласи кўзда тутилмоқда.
Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув хўжалиги соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлашга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси сувларнинг давлат ҳисобини юритиш, сув хўжалиги объектлари ва қурилмаларидан фойдаланиш қоидалари, шунингдек, гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишига бевосита масъул бўлган шахсларнинг масъулиятини ошириш ҳамда оқова сувларни чиқариб юбориш тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган. Муҳокамаларда депутатлар лойиҳанинг аҳамияти ва заруратига алоҳида тўхталди.
Фикр-мулоҳаза ва таклифлардан сўнг, қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси А.Абдуҳакимовга “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” парламент сўровини юбориш масаласи ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабцл қилинди.
М.Комилова,
ЎзА