Сурхондарёлик бўлғуси ҳожилар сафарга кузатилди
Термиз халқаро аэропортида Сурхондарё вилоятидан ҳаж сафарига йўл олган зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳини кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов мамлакатимизда кейинги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва мўмин-мусулмонларнинг муқаддас ҳаж амалларини адо этиши учун кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида сўз юритди. Табаррук Каъбатуллоҳни зиёрат қилиш учун йўл олган бўлғуси ҳожиларга яратилган шароитлар тўғрисида фикр алмашди. Уларга оқ йўл ва сафарларининг хайрли, ибодатларининг мақбул бўлишини тилади.

“Ҳаж-2026” дастури доирасида бу йил вилоятдан 880 дан ортиқ мўмин-мусулмон зиёрат амалларини эмин-эркин адо этади. Етти нафар сурхондарёлик “Президент ҳожиси” лойиҳаси асосида бепул йўлланма билан ҳаж амалларини бажаради.

Кузатув маросимида вилоят бош имом-хатиби Расулжон домла Абдуллаев бўлғуси ҳожиларга ҳаж амалларини тўлақонли ва тартибли адо этиш юзасидан тавсиялар бериб, йўллари бехатар, ибодатлари қабул бўлишини сўраб, дуога қўл очди. Эзгу орзу ва қалбдаги ниятини адо этиш учун сафарга отланган зиёратчилар юртимизда яратилаётган имкониятлар учун давлатимизга миннатдорлик билдириб, муқаддас заминда Ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва юртимиз тараққиёти учун дуо қилишларини қайд этди.
Бўлғуси ҳожилар Термиз халқаро аэропортидан замонавий ҳаво кемасида Саудия Арабистонига жўнаб кетди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири