Қонунчиликдаги ўзгартиришлар тушунтирилмоқда
Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳиятига бағишланган учрашув, давра суҳбати ва бошқа тадбирлар ўтказилмоқда.
Сариосиё туманида Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ташкил этган учрашувда Сариосиё ва Узун туманлари ички ишлар бўлимлари жамоат хавфсизлиги хизмати пробация ҳисобида турган шахслар, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок этди.

Учрашувда жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман суди раиси А.Рўзиқулов, Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари О.Ҳайитов, Ж.Худойбердиев ва бошқалар мазкур қонун билан амалдаги қонунчиликка киритилган қўшимча ва ўзгартишларнинг мазмун-моҳиятини атрофлича тушунтирди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши курашиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Шу билан бирга, мазкур турдаги моддаларнинг ноқонуний муомаласи ортиб бораётгани аҳоли саломатлиги ва миллат генофондига жиддий хавф туғдираётгани қайд этилди. Бу каби ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни янада такомиллаштириш зарурати юзага келаётгани изоҳланди.
Муҳокамалар давомида қонунчиликка киритилаётган қўшимча ва ўзгартишлар аҳоли саломатлиги ҳамда генофондга таҳдид солувчи жиноятларнинг олдини олиш, уларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши хусусида фикр алмашилди.

Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири