Сурияда мактаб дарсликлари атрофида баҳслар авж олди
Сурия мактаб дарсликларига киритилган ўзгартиришлар мамлакатда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган таққослама тасвирларда аёл қаҳрамонларнинг кийимига ҳижоб ва узун либослар қўшилгани, айрим аёллар ҳамда болалар акс этган суратлар олиб ташлангани, ҳайкаллар ёпилгани, санъат асарлари эса бошқалари билан алмаштирилгани кўринади.
Айниқса, “Мона Лиза” асарининг айрим дарсликлардан чиқарилиши, Карфаген шаҳри асосчиси Элиссар тасвирига рақамли ишлов берилиши, тарихий шахслар ва миллий рамзларга оид маълумотларнинг ўзгартирилиши эътирозларга сабаб бўлди. Жумладан, Усмонийлар ҳукмронлиги даврида қатл этилган миллий ҳаракат намояндалари ҳақидаги маълумотлар қайта таҳрир қилингани, Султон Пошо Атраш сурати олиб ташлангани ва Мисрнинг собиқ президенти Жамол Абдунносир тасвири дарсликдан чиқарилгани танқидчилар эътиборини тортди.
Айрим фаоллар бу жараённи тарихий хотирага дахл қилиш деб баҳоласа, ота-оналар бундай ёндашув болалар онгида Сурия жамиятининг маданий ва ижтимоий хилма-хиллиги ҳақида бирёқлама тасаввур шакллантиришидан хавотирда.
Сурия Таълим вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни асоссиз деб атаб, жорий ўқув йилида амалдаги дарсликларга янги ўзгартиришлар киритилмаганини таъкидлади. Расмий баёнотда аввалги режимга тегишли рамзлар ва мафкуравий мазмунни олиб ташлаш бўйича таҳрирлар 2025 йил январь ойида эълон қилингани қайд этилди.
Шунингдек, янги ўқув дастурларини ишлаб чиқиш учун миллий меъёрлар тайёрлангани ва улар босқичма-босқич жорий этилиши режалаштирилгани айтилди. Вазирликнинг изоҳлари баҳсларга нуқта қўймади: фаоллар мактабларда тарқатилган дарсликлардаги тасвирларни таққослаб, расмий баёнот билан амалдаги ҳолат ўртасида тафовут борлигини кўрсатмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА